Ироқдаги шифохонада ёнғин чиқди

Ироқнинг Носирия шаҳридаги касалхонада, коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган бўлимда ёнғин содир бўлди, 50 дан ортиқ одам ёнғин натижасида вафот этган.

Ироқ соғлиқни сақлаш тизими узоқ йиллик можаролардан сўнг ёмон аҳволда қолган. Қурбонларнинг ғазабланган қариндошлари муассаса ташқарисида норозилик намойишларини ўтказмоқдалар.

Ал-Ҳусайн касалхонасидаги ёнғин сабаби аниқ эмас, аммо хабарларга кўра, ёнғин кислород балони портлагандан сўнг бошланган.

Ироқ Бош вазири Мустафо ал Казимий касалхона бошлиғини ҳибсга олишга буйруқ берди.

Рейтерс ахборот агентлиги воқеа жойида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб, полициянинг иккита машинасига ўт қўйилгани ҳақида хабар қилди.

Янги бўлим атиги уч ой олдин қурилган бўлиб, 70 ўринга мўлжалланган эди. Соғлиқни сақлаш ходимининг айтишича, ёнғин бошланганида бинода камида 63 нафар бемор бўлган.

Коронавирус пандемияси Ироқ соғлиқни сақлаш хизматини оғир аҳволга солиб қўйди. Тизим аллақачон узоқ йиллик урушлар, эътиборсизлик ва коррупциядан азият чекмоқда эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 40 миллионга яқин фуқарога эга мамлакат аҳолисининг бир миллиондан ортиғи коронавирусга қарши бир марта эмланган.