Исроил армияси аскарларни кўринмас ҳолга келтириш йўлини топди

Исроил ҳукумати мудофаа пудратчиси билан инфрақизил сенсорлардан аскарларни яширадиган янги матрица кашф қилди. Тизим аскарларни аниқлаш имкониятини деярли йўққа чиқаради.

Поларис Дефенс Кит 300 тизими аскар танасидан чиқадиган иссиқлик сигнатураларини яшириш учун «метал, микротолали мато ва полимерлар»нинг комбинациясидан фойдаланади.

Тепловизерлар (тунда кўриш мосламаси) тунги кўриш имкониятини кучайтириб бериш учун ишлатиладиган ускуна ҳисобланади. Баъзи ёруғлик манбасини (ҳатто инфрақизил нурни) талаб қиладиган эски турдаги тунги кўриш технологияларидан фарқли ўлароқ, янги тепловизерлар учун ҳеч қандай ёруғлик талаб этилмайди. Уларнинг ишлаши учун фақатгина объектдан чиқадиган маълум иссиқлик даражаси талаб қилинади.

Бу тепловизерлар одамларни, зирҳли транспорт воситаларини ва ҳатто учиб кетаётган самолётларни нурсиз тунларда ҳам инфрақизил проекторларсиз ва тутунли тўсиқларсиз аниқлай олишини билдиради. Уларнинг баъзи турларидан кундузи ҳам фойдаланса бўлади.

Лекин технология мукаммал эмас. Иссиқликни ўзидан ўтказмайдиган ва тарқатмайдиган материаллар ортига яширилган объектлар бирорта тепловизерда кўринмайди. Шундай қилиб, Кит 300 тизими аскарнинг «термал мавжудлигини» бартараф этиш учун мўлжалланган, бу эса уни тепловизерлар учун «кўринмас» қила олади.

Кит 300 тизимидаги материаллар, махсус плаш кўринишида бўлиб, у аскардан иссиқлик тарқалишининг олдини олиш изолятори сифатида ишлайди.