Косонсой туманига сел ёпирилиши оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган

Косонсойга сел ёпирилиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг барчаси Наманган шаҳридан бўлган ва уларнинг энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёш бўлган.

Наманган вилоятининг Косонсой туманида сел оқибатида жабрланганларни қидириш ва қутқариш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Қидирув ишлари асосан Косонсой туманидаги гидроузелда олиб борилмоқда.

Бу ерда ФВВ, Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари ва кўнгиллилар 13 июль куни сел оқизиб кетган 7 яшар Муҳаммадюсуф Рустамовни қидирмоқда.

Кеча тонгда унинг укаси — 6 ёшли Абубакр Рустамов дафн этилди.

«13 июль куни тонгда Косонсойга оиламиз аёлларини дам олгани олиб чиққандик. Соат 11.00 лар чамасида ўғилларим — Муҳаммадюсуф ва Абубакрни ҳам ўзим билан бирга олиб бордим. Тушлик қилиб бўлганимиздан сўнг улар сойга, сув бўйига тушиб кетишди. Бироз ўтган сўнг ўша томонда қий-чув, тўполон бўлиб кетди. Одамларни сел оқизиб кетди, дейишди. Кейин билсам, улар орасида ўғилларим ҳам бор экан. Абубакрни бугун дафн этиб келдик. Муҳаммадюсуфни қидиряпмиз, ҳали топилганича йўқ. Бу оиламиз, қариндош-уруғларимиз учун жуда катта мусибат бўлди, чунки ҳалок бўлган ва касалхоналарга мурожаат этганларнинг аксарияти бизнинг яқинларимиз», — дейди Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 30 ёшли ҳунарманд Азимжон Аҳмаджонов.

Охирги маълумотларга кўра, Косонсой туманига сел ёпирилиши оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 7 нафари аёл, бир нафари ўғил бола бўлиб, энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёшда эди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мутахассисларининг маълум қилишича, селдан жабрланиб касалхоналарга жами 24 киши мурожаат қилган. Уларнинг барчасига тегишли ёрдам кўрсатилган ва уйларига рухсат берилган.