Лицей ўқувчилари ўғирланди

Нигериянинг Кадуна вилоятида жойлашган Дамиши шаҳридаги Бетел баптист лицейидан 140 нафар ўқувчилар ўғирлаб кетилди.

Лицей ўқитувчиси Эммануэль Паулнинг айтишича, қуролли кишилар лицей деворидан ошиб тушиб ичкарига киришган ва инсонларга қурол ўқталишган. 140 ўқувчи ўғирланди, 25 нафари эса қочишга муваффақ бўлди.

Нигерияда охирги пайтларда қуролланган шахсларнинг мотоциклларда ўқув муассасаларига ҳужумлар уюштираётгани сабабли баъзи вилоятларда мотоцикл миниш таъқиқланган эди.

Мамлакатнинг Бену, Плато, Нигер, Катсина ва Замфара вилоятларида жорий йилнинг январидан бошлаб жуда кўп ўқувчилар номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди.

30 май куни мамлакатнинг Нигер вилоятидаги Тегина шаҳрида жойлашган Солиҳ Танко мадрасасидан 136 ўқувчи қуролланган шахслар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ўғирланган эди.

Мактаб ва мадрасаларга ҳужумларнинг кўпайиши оқибатида Нигериянинг баъзи вилоятларида ўқиш вақтинчалик тўхтатиб қўйилди.