Оқ Уй: АҚШ Афғонистонни доим қўллаб-қувватлайди

Байден Ғанига АҚШ «узоқ муддатли ва адолатли сиёсий келишувни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатлар дипломатик алоқада қолишини айтди», – дея хабар бермоқда Оқ Уй.

Қўшма Штатлар, шунингдек, АҚШ ҳукумати билан ишлаганлиги сабабли толиблар қасос олиши мумкин бўлган минглаб афғонистонликларга махсус иммиграцион визалар тайёрлаб, уларни эвакуация қилиш жараёнини бошлаб юборган.

Оқ Уйнинг хабар беришича, Байден жума куни «кутилмаган» қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириш учун фавқулодда вазиятлар фондидан 100 миллион доллар миқдорида маблағ ажратган.

Байден, шунингдек, ҳудди шу эҳтиёжларни қондириш учун АҚШ давлат идоралари захираларидан ҳам 200 миллион доллар ажратишга рухсат берди.

Афғонистондан эвакуация қилинадиганларнинг биринчи гуруҳи ва уларнинг оила аъзолари жорий ойнинг охиригача АҚШнинг Виржиниядаги ҳарбий базаси Форт Лига олиб келиниши кутилмоқда. Фортда уларнинг виза аризалари якуний босқичда кўриб чиқилади.

Пентагоннинг айтишига қараганда, Ричмонддан 48 км жанубда жойлашган ушбу муассасага тахминан 2500 нафар афғонлар олиб келиниши мумкин.