Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига

Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори атоқли адибимизнинг мухлислари, китобсевар халқимизни беҳад қувонтирди. Бу ўз ижодини жамият равнақига, халқимиз маънавиятини янада юксалтиришга, одамларнинг муаммо, қувонч ва дардларини ўз асарларида бадиий талқин қилиб, янги ўзбек адабиёти, хусусан, насри тараққиётига улкан ҳисса қўшган ижодкорга эъзоз ва эҳтиром ифодаси бўлди.

XX аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти, аниқроғи, насри ривожида Ўткир Ҳошимовнинг муносиб ўрни бор. Мустабид тузум шароитида у ўзининг ҳақ сўзи билан эл орасида эътибор қозонди. Ёзувчи ўз асарларида ҳамиша ҳақ гапни айтишга интилди. Эҳтимол, унинг ҳикоя, пьеса, романларида юзаки ўринлар бордир, аммо адиб ҳеч қачон ёлғон гап айтмаган, мустабид мафкура, сиёсат ноғорасига ўйнаб виждонини сотмаган, муросасозлик йўлига кирмаган. У ўткинчи майлларга берилмай, сўз санъатининг азалий муаммоси – шахс жумбоғи, ижтимоий адолат туйғуси ифодаси билан қизиқди.

Адабиёт дунёсида “насрдаги тарона”, “насрдаги шоир” атамалари бор. ХХ аср янги ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий ҳақли равишда прозанинг шоири деб ном олган эди. 60-йиллар замонавий адабиётида Ўткир Ҳошимовни ҳам насрдаги шоир, етук асарларини эса насрдаги қўшиқ, тарона деб аташ мумкин. Илк қиссаси “Чўл ҳавоси”дан тортиб “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобига қадар – барча асарларига хос муштарак жиҳат шуки, улар бетакрор, беназир сирли мусиқий оҳанг билан йўғрилган. Муаллиф қўлидаги қалам гўёки ёзмайди, балким қалами учидан сўзлар мусиқа сингари қуйилиб келади; унинг ҳикоя ва қиссалари шеърдек, достондек ўқилади, улар якка созда чалинган дилрабо куйдек янграйди, романлари кўп овозли симфонияни эслатади, ҳатто унинг бадиалари, публицистик мақолаларида ҳам инсон кўнгил хазинасининг, туйғуларининг хилма-хил жилолари мужассам. Оддий маиший кечинмалардан тортиб улкан ижтимоий мушоҳадалар, кескин руҳий драмалар, фожеалар, қабоҳатлар ҳақида қалам тебратганда ҳам адибни нафосат туйғуси асло тарк этмайди, ғоят тиғиз лавҳаларда ҳам ажиб самимият, ҳазин ва нурли бир куй акс-садо бериб туради. Ўткир Ҳошимов насрини китобхонга манзур қилган жозиба сирларидан бири шунда.

Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент вилояти Зангиота тумани Дўмбиробод мавзесида туғилди. Унинг бобокалонлари зиёли, ўз даврининг машҳур кишилари бўлган.

Ўткирнинг меҳнат фаолияти жуда эрта бошланди. Билимга чанқоқ бўлажак ёзувчи ўрта мактабни медаль билан битирган, олий ўқув юрти талабаси бўлишни кўнгилга тугиб қўйган бўлса ҳам оилага моддий ёрдам бериш мақсадида ишлашга мажбур бўлди, аввал “Темирйўлчи” газетасида хат ташувчи, сўнг таржимон, “Қизил Ўзбекистон”да мусаҳҳиҳ ёрдамчиси, “Тошкент оқшоми”да адабий ходим бўлиб ишлади. Айни пайтда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида аввал сиртқи, сўнг кундузги бўлимда таҳсил олди. 1966-1982-йилларда “Тошкент оқшоми”да бўлим мудири, 1982-1985-йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўрнибосари, 1985-1995-йиллари “Шарқ юлдузи”нинг бош муҳаррири, 1995-2005 йиллари эса Олий Мажлиснинг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси бўлиб ишлади.

 Ўткир Ҳошимов 1991 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони, ўша йили “Ҳурмат белгиси” ордени, 1996 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2001 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Ўткир Ҳошимов ижодини публицистикадан бошлади, 1962 йили “Пўлат чавандоз” номли очерклар тўплами босилиб чиқди. У бадиий ижодга жуда эрта майл билдирган, 5-синфда ўқиб юрган кезларидаёқ шеърлар, ҳикоялар машқ қила бошлаган бўлса-да, “Тўрт мактуб” номли илк ҳикояси 1963 йили матбуотда босилиб чиқди. Шу ҳикоя асосида “Чўл ҳавоси” қиссаси ёзилди. “Шарқ юлдузи”да босилган бу қисса ҳақида ёш муаллиф Абдулла Қаҳҳордан мактуб олди. “Ўткир! “Чўл ҳавоси”ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади, қисса жуда соф, самимий, илиқ, табиий, роҳат билан ўқилади”, дейилади ўша мактубда. Бундай илиқ сўзлар ёш ёзувчига далда берди. Сўнг у бирин-кетин “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади” қиссаларини яратди. Хусусан, “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол” қиссалари адабий танқидчиликда қизғин баҳс-мунозара қўзғатди. Бу қиссалари учун у 1976 йили ёшлар мукофотига сазовор бўлди.

Ўткир Ҳошимов қиссалари 60-70-йиллар миллий адабиётимиздаги илғор тамойиллар билан уйғунлиги, ўткир маънавий-ахлоқий муаммоларни дадил ўртага қўйилганлиги, энг муҳими, тасвирдаги самимият, ички жозибаси билан ажралиб туради.

Ўткир Ҳошимов ижодга қадам қўйган йилларга келиб мустабид тузум даври дағдағаю зуғумлари бир оз юмшаган, жамиятни демократлаштириш бошланган, эркин фикрларга қисман йўл берилган эди. Бироқ расмий доираларда, “мўътабар” минбарларда, илм-фан, радио, телевидение, матбуотда бор ҳақиқатни айтиш имконияти ҳамон чекланганди. Бундай пайтда жамиятнинг виждони, меҳнаткаш халқнинг овози бўлиш вазифаси адабиёт, сўз усталарининг зиммасига тушди. А.Қаҳҳор, О.Ёқубов, П.Қодиров, улар изидан борган Э.Воҳидов, А.Орипов, Ш.Холмирзаев чиндан ҳам ҳақиқат, адолат жарчиси, халқ дилининг таржимони сифатида майдонга чиқдилар. Улар яратган энг сара асарлар ижтимоий тафаккур соҳалари – тарих, фалсафа, социология, сиёсат, адабиётшунослик ва публицистика бажариши лозим бўлган талай вазифаларни ҳам адо этди. Шу тариқа адабиётда “гап айтиш”, “масала кўтариш” тамойили кучайди, “проблематик шеър, достон”, “проблематик драма, ҳикоя, қисса, роман” турлари пайдо бўлди. Айни пайтда дидли, куюнчак китобхон асардан, албатта, “муҳим гап” кутадиган бўлиб қолди, танқидчиликда асарларни уларда кўтарилган долзарб муаммоларга қараб баҳолаш муайян удум тусини олди.

Ўткир Ҳошимов худди шу йўлдан бориб қатор публицистик ҳикоя, қиссалар яратди. Унинг “Тераклар япроқ ёзди”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Нур борки, соя бор”, “Квазарлар” каби роман, қисса, ҳикоялари асарлардан “гап кутадиган” китобхонларни ғоят ҳаяжонга солди. Мактаб болаларининг умри пахтазорда ўтаётгани, дори сепилган ғўза баргидек эрта хазон бўлаётгани, янги тушган келинчакнинг ҳаётидаги энг ширин дақиқалари эрксиз оғир меҳнат гирдобида кечаётганини, қишлоқдаги, касалхонадаги, савдо соҳасидаги, олий ўқув юртларидаги, таҳририятлардаги адолатсизлик, ҳуқуқбузарлик ва қинғирликлар – Ўткир Ҳошимов асарларида ҳаяжон, изтироб билан қаламга олинган бу хил ҳаётий муаммолар талқини ўқувчиларнинг ўшандай ижтимоий иллатларга нисбатан фикрини шакллантиришда, қаҳрини қўзғатишда муҳим аҳамият касб этди.

Айтиш керакки, Ўткир Ҳошимовнинг проблематик роман, қисса ва ҳикояларида сўз санъатининг азалий бош муаммоси – инсон тақдири ва қалбининг бадиий таҳлили мавжуд. Муаллиф долзарб ижтимоий муаммолар талқини билан ёндош ҳолда кўп ўринларда персонаж руҳиятидаги ғоят нафис жараёнларни моҳирона ифода этади. Ўткир ижоддаги илк қадамларидаёқ инсон маънавияти, руҳияти, қалб ҳақиқати тадқиқотчиси сифатида кўринган эди. “Чўл ҳавоси”, “Муҳаббат”, “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади” номли ҳикоя ва қиссалари шундан далолат беради. Кейинчалик у долзарб ижтимоий муаммолар талқинига кўпроқ мойиллик билдириб, юқорида тилга олинган “проблематик” асарларни яратган кезларида ҳам инсон образи, инсон маънавияти, руҳияти таҳлилини асло эътибордан четда қолдирган эмас. Бу жиҳатдан “Қалбингга қулоқ сол”, хусусан, “Баҳор қайтмайди”, “Дунёнинг ишлари” қиссаларини эслаш кифоя.

Ўткир Ҳошимовда нафосат туйғуси беҳад кучли. Ҳатто у алданган одамнинг маънавий инқирози, фожеаси, ҳалокати тасвирида ҳам шу туйғуни сақлаб қолади. Айниқса, у олижаноб, маънавий баркамол шахслар қалби, табиати тасвирида ўзини ниҳоятда эркин ҳис этади.

Ёзувчи ижодига хос лирик тарона унинг “Дунёнинг ишлари” қиссасида энг баланд пардаларда жаранглади. Бу асар она ҳақидаги, она қалбининг чексиз саховати ҳақидаги ўзига хос қасидадир.

“Дунёнинг ишлари” бошдан-оёқ ниҳоятда ёрқин, ажиб бир миллий бўёқлар билан жилоланган. Айни пайтда асар теран бир умуминсоний, байналмилал туйғулар билан йўғрилган. Қиссада бундай мулоҳазалар бор:

“Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам ўз севгилисига айтган дил розини дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам айтган қўшиқни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу чеккасида туриб бир одам айтган оқилона фикрни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Бироқ дунёнинг бу чеккасида туриб она айтган аллага дунёнинг нариги чеккасидаги гўдак бемалол ором олади”.

Ўткир Ҳошимов бадиий адабиётга журналистика чорраҳалари орқали кириб келди. Унинг 1977 йили ёзилган илк романи – “Нур борки, соя бор…” журналистлик фаолиятининг, тажрибаларининг ўзига хос якуни, бадиий сарҳисобидир. Роман марказий қаҳрамони Шерзод муаллифга тенгдош, айни ўзи каби ёзувчи-журналистдир. Шерзод тимсолида ёзувчи китобхонни айни ўзи ҳаётда дуч келган муаммолар гирдобига олиб киради.

80-йилларга келиб Ўткир Ҳошимов ижодида миллий адабиётимиз истиқболи учун муҳим аҳамиятга молик янги тамойиллар рўй берди. Ёзувчи, бир томондан, радио ва телевидение орқали жиддий чиқишлар қилди, у телевидениеда олиб борган “Баҳс” кўрсатуви бутун республикани “оёққа турғизди”. Шунингдек, матбуотда бирин-кетин ўткир публицистик мақолалар эълон қилди. Хусусан, “Қалбнинг оппоқ дафтари”, “Авлодларга нима деймиз”, “Давлат сири”, “Мантиқ қани?” каби мақолаларининг ҳар бири уларда ўртага ташланган маънавий, ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг кўлами, салмоғи, таъсир кучи жиҳатидан етук бадиий асарларга тенг деб баҳоланди.

Айни пайтда адиб яратган энг яхши асарлар аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ошкора публицистик талқиндан холи. Бу даврга келиб ёзувчи ижодида публицистик фаолият билан соф бадиият орасида муайян ажралиш рўй берди. Муаллифни энди кундалик долзарб масалалар эмас, кўпроқ азалий-боқий маънавий муаммолар, инсон тақдири, инсон қалбининг жумбоқлари кўпроқ қизиқтиради. Бу жиҳат “Икки эшик ораси” романида, айниқса, равшан кўзга ташланди.

“Икки эшик ораси” – йирик ижтимоий, маънавий-ахлоқий роман. Асар воқеаларининг бир учи 30-йиллар бошларига, қишлоқдаги колхозлаштириш даври воқеаларига бориб туташса, иккинчи учи 70-йилларнинг охирига келиб тақалади. Шундай бўлса-да, романнинг марказида фашизмга қарши уруш даври, уруш йилларидаги ўзбек қишлоғи ҳаёти, уруш ва инсон, урушнинг кишилар тақдирига кўрсатган чуқур таъсири, улар қисматида, зурриётида, дилида қолдирган жароҳатлари муаммоси туради. Ёзувчи Иккинчи жаҳон уруши кишиларимиз учун зўр синов бўлгани, бу синов пайтида ўзбек кишисига хос бўлган ноёб фазилатлар фавқулодда бир куч билан юзага чиққани, кишиларимиздаги оташин ватанпарварлик, чексиз мурувват, садоқат туйғуларини илҳом ва эҳтирос билан қаламга олади. Қаҳрамонлар қисмати воситасида ёзувчи яшашнинг маъноси, инсоннинг инсонлик шаъни, бурчи, масъулияти, эътиқоди масалаларини кўтаради, китобхонни улар ҳақида ўйлашга, баҳсга чорлайди. Қандай яшаш ва яшамаслик керак, деган савол асарнинг етакчи фалсафаси даражасига кўтарилади.

“Икки эшик ораси” романи 1986 йили Ҳамза номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

Бадиий асар қиммати, даражаси биринчи галда унда ҳаёт ва шахснинг янгича концепцияси ҳамда бадиий талқини, ифодасига қараб белгиланади. Шу юксак умумбашарий адабий мезонлар асосида ёндашиладиган бўлса, Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” романи 90-йиллар ўзбек адабиётида жиддий воқеа, муҳим янгиликдир.

Бир қарашда роман янги ўзбек адабиётида муайян анъанага айланиб қолган мавзу-муаммолар – мустабид тузум танқиди, афғон уруши, “ўзбеклар иши” қурбонлари ҳақида баҳс юритади. Бу мавзу-муаммолар ҳақида кўп ёзилди, Ўткир Ҳошимов “Тушда кечган умрлар” романи орқали бу хусусдаги ўзининг бетакрор, салмоқдор, янги сўзини айтди, айтганда ҳам ўқувчини ларзага соладиган, ўйга толдирадиган қилиб айта олди. “Тушда кечган умрлар” романидаги талай персонажлар, хусусан, бош қаҳрамон – Рустам ва Комиссар образи ёзувчининг замонавий адабиётдаги бадиий кашфиёти бўлди.

Рустам – фожеавий шахс. Катта ҳаётга эндигина кириб келаётган, она юртнинг етук бир фарзанди, содиқ фуқароси бўлиши, эл-юрт учун кўп ишлар қилиши, севгилиси васлига эришиб бахтли ҳаёт кечириши мумкин бўлган бу навқирон ўғлон умри ўн гулидан бир гули ҳам очилмай туриб хазонга айланади. Унинг ҳаётини мустабид тузум, тоталитар сиёсат юргизганлар, афғон урушини бошлаганлар, “ўзбеклар иши”, “пахта иши” можаросини ўйлаб топган ғаламислар барбод этади. Рустам ҳалокати мана шу мудҳиш сиёсатга зўр бир айбнома каби янграйди.

Латиф лирика билан серзавқ ҳаётбахш юмор, халқона ҳазил-мутойиба ораси бир қадам. Янги ўзбек адабиётида латиф лирикага мойил шоир, носир борки, деярли барчаси юмористик асарлар битган, қатор йирик жиддий асарлари бағридан ҳам ҳазил-мутойибалар, ҳажвий-юмористик лавҳалар муносиб ўрин олган. Қодирий, Чўлпон, Саид Аҳмад насрий асарларидаги, Миртемир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеъриятидаги сержило кулги уларга ажиб файз бахш этган. Йиллар ўтган сари Ўткир Ҳошимовда ҳам юморга, ҳазил-мутойибага мойиллик кучайиб борди. Унинг қаламкаш дўстлари, устозлари ҳақидаги беғубор, қувноқ табассум билан йўғрилган “Шумликлар” туркуми, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”нинг талай саҳифалари, “Тўйлар муборак” комедияси, “Икки карра икки – беш” қиссаси, ўнлаб юмористик ҳикоялари адибнинг ҳажвий иқтидоридан далолат берди.

Ўткир Ҳошимов драматургия соҳасида ҳам сермаҳсул ижод қилган. “Инсон садоқати”, “Қатағон” драмалари инсон қалби изтироблари ифодаси, эҳтиросларга бойлиги жиҳатидан адибнинг энг яхши қисса ва романларига оҳангдошдир. 90-йиллар тоталитар режим зўравонликлари, қатағон қурбонлари ҳақида кўп ёзилди. Шунингдек, бундай зўравонликлар олдида бўйин эгмаган, кишан киймаган мардона шахслар образи ҳам озми-кўпми яратилди. Афсус, улар орасида эсда қоладиган, адабиётда воқеа бўлган, бадиий кашфиёт дейишга лойиқлари оз. “Қатағон” айни шу мардонавор руҳи билан эътиборни тортади. Асар премьераси муҳокамаси пайтида: “Қатағон” ҳар бир ўзбек кишиси, албатта, томоша қилиши лозим бўлган спектакль; ўзбеклар нуқул жафокаш, тобе, муте халқ эмас, улар орасида ҳақсизлик, зўравонликка қарши турган Жумановдек мардона сиймолар ҳам бор бўлган!” деган мулоҳазалар айтилган эди.

Диққат билан разм солинса, Ўткир Ҳошимовнинг ижодий фаолияти давомида яратган ҳар бир жиддий асари – “Баҳор қайтмайди”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Қатағон” – булар ХХ аср миллат маънавияти, руҳиятининг муайян манзиллари каби таассурот қолдиради. Миллат маънавияти манзилларини забт этиш эса ижодий жасоратдир.

Умарали НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

филология фанлари доктори, профессор