Озарбайжонлик олими «тамаки»дан КОВИД вакцинасини яратди

Тамаки баргларидаги протеинга асосланган ҳолда тайёрланган вакцина синовдан ўтган ЖССТ препаратлари рўйхатига киритилди. Озарбайжонлик лабораторияда ушбу мақсадлар учун махсус ўстирилган Nicotiana Benthamiana тамаки ўсимлиги баргларидан олинадиган оқсилга асосланган вакцина ишлаб чиқарди. Профессор Тарлан Мамедов инсон танасида коронавирусга қарши иммунитет пайдо бўлиши учун вакцинанинг фақат битта дозаси етарли эканлигини таъкидламоқда.

Турк Акдениз университети профессори ва Озарбайжон миллий фанлар академиясининг аъзоси Тарлан Мамедов ва бир гуруҳ тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган ўсимлик асосидаги вакцина ЖССТ томонидан синовдан ўтаётган КОВИД-19 га қарши вакциналар рўйхатига киритилган.

Мамедов вакцинаси ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтказилди, ундан кейин кўнгиллиларда синов ишлари бошланди.

“Биз ишлаб чиқарган восита барча мутацияларга қарши хавфсиз ва самарали бўлишига ишонамиз. Энди биз эмлашни одамларда синаб кўришимиз мумкин”, – деди олим.

Озарбайжон олимлари томонидан олиб борилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот Туркия вакцинация илмий қўмитасига, шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.