Пентагон афғонларни қабул қилиш учун Виржиниядаги “Форт Ли” базасини ажратишга рози бўлди

АҚШ Давлат департаменти Пентагоннинг Афғонистондаги кучлари билан ишлаган афғонларни қабул қилиш учун Виржиниядаги “Форт Ли” базасини ажратишга розилик берганлигини эълон қилди.

Оқ уй ўтган ҳафта АҚШ маъмурлари АҚШ билан таржимон ёки бошқа лавозимларда ишлаган афғон фуқароларини эвакуация қилиш учун ушбу июль ойида махсус парвозларни амалга оширишини тасдиқлади.

Президент Жо Байденнинг режасига биноан, 30 апрел куни Қўшма Штатлар Америка кучларини Афғонистондан олиб чиқиш жараёни бошланганини эълон қилинган эди.

Бу жараён ниҳоясига яқинлашмоқда, ҳозирда у 95% ни ташкил қилмоқда, “Толибон” ҳаракати мамлакатдаги бир неча жабҳада ҳукумат кучларининг позицияларига қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтирди.