Покистон Бош вазири Тошкентга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 15 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва кутиб олди.

Таъкидлаш жоизки, бу Имрон Хоннинг мамлакатимизга илк расмий ташрифидир.

Шу йил 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтган эди.

Саммитда кўп қиррали Ўзбекистон – Покистон шериклигининг долзарб масалалари, жумладан, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинганди.

Покистон Бош вазирининг мазкур ташрифи кўп қиррали Ўзбекистон – Покистон шериклигини янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтади.

Покистон етакчиси, шунингдек, Ўзбекистон – Покистон бизнес форуми ва Тошкент шаҳрида ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиши кўзда тутилган.

ЎзА