Рим папаси касалхонага олиб кетилди

Дунё католикларининг маънавий раҳбари Рим папаси Франциск операция учун касалхонага олиб кетилди.

Ватикан матбуот бюроси мудири Маттео Бруни “Папа Франциск бугун туш вақтидан кейин Римдаги Августино Гемелли клиникасига олиб кетилди ва олдиндан режалаштирилган тарзда ичаклар билан боғлиқ касаллиги туфайли операция қилинади”, – деб хабар берди.

Операцияни мазкур касалхонанинг Тиббиёт ва жарроҳлик билимлари бўлимидаги ҳазм қилиш системаси жарроҳлиги комплекс операциялар бўлимининг бошлиғи профессор Серджио Алфиерининг амалга ошириши маълум қилинди. Бу профессор овқат ҳазм қилиш системаси, меда-ичак, ошқозон ва панкреатит жарроҳлиги соҳасида машҳур мутахассис ҳисобланади.

2013 йили Ватиканда Рим папаси этиб сайланган Франциск сайловлардан бери илк марта жарроҳлик амалиётида бўлади.