Саудия Арабистонида аёллар учун биринчи Apple академияси очилди

Американинг Apple компанияси Яқин Шарқда биринчи Apple Developer Academy (биринчи аёллар академияси)ни ташкил қилди. У Малика Нура университети ва Саудия Арабистонидаги Тувайқ академияси билан биргаликда амалга оширилди.

Академиянинг ташкил этилиши ҳақида Apple компанияси таъкидлар экан, “Биз ишонамизки, технологияларни ўрганиш ижодкорлик ва ривожланаётган иқтисодиётда иштирок этиш учун янги эшикларни очадиган қудратли, бардошли куч бўлиши мумкин”.

Apple Developer Academy янги ва хилма-хил тадбиркорлар гуруҳи ва дастурларни ишлаб чиқувчиларни илҳомлантириш ва уларга куч бериш, шунингдек, уларни ҳозирги рақамли ишчи кучи соҳасидаги йўналишларни эгаллаш учун кўникма ва ресурслар билан қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.

Ўз навбатида, дунёдаги энг йирик аёллар университети – Малика Нура бинт Абдурраҳмон университети Яқин Шарқда биринчи Apple Developer Academyни ташкил этишдан бахтиёрлигини билдирди.

Университет баёнотида шундай дейилади: “Биз Малика Нура бинт Абдурраҳмон университетида фаровон келажакни таъминлаш учун тўғри истеъдодни ишга солишга ва аёллар Саудия Арабистонининг “Vision 2030″ ижтимоий ва иқтисодий дастуридаги мақсадларига эришишда ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз”.

Ўз навбатида Тувайқ академияси: “Биз Apple компанияси билан Яқин Шарқдаги дастурчилар учун биринчи Apple академиясини (аёллар учун биринчи академиясини) ташкил этиш бўйича ҳамкорликдан мамнунмиз”, деб баёнот берди.

Ар-Риёдда Малика Нура университети ва Тувайқ академияси билан ҳамкорликда иш бошлаган янги Apple академияси ишлаб чиқувчи аёлларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратадиган биринчи академия бўлиб, аёл ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини кенгайтириш ва аёллар учун янги иш имкониятларини яратиш учун мўлжалланган.