Толибон тобора кенгроқ ҳудудларни эгалламоқда

Сўнгги кунларда НАТО қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетишда давом этаётгани сабабли, Толибон Афғонистондаги кўпроқ ҳудудларни эгаллаб олди.

Расмийларнинг айтишича, бир неча юз нафар афғон хавфсизлик кучлари шимолий чегара орқали Тожикистонга қочиб ўтган. Аммо толибларнинг энг муҳим ютуғи мамлакатнинг шимолий ярми устидан назоратни қўлга киритгани бўлди.

Ҳозирда Толибон Афғонистондаги 421 туман ва туман марказларининг учдан бир қисмини назорат қилаяпти.

“Сўнгги кунларда шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидаги толибларнинг ютуқлари асосан қаршиликсиз жангларда ғалаба қилганлари ҳисобига юз берди”, – дейди вилоят кенгаши аъзоси Моҳиб ул Раҳмон.

У Толибоннинг ютуқларини, асосан сон жиҳатдан кам бўлган ва таъминоти заиф давлат қўшинларининг ёмон руҳий ҳолати билан изоҳлади.

Шимолдаги Толибон назорати остидаги ҳудудлар стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлиб, ушбу ҳудудлар Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан чегарасида жойлашган.

Ўтган ойда Толибон Ўзбекистоннинг қаршисида жойлашган Қундуз вилоятидаги Имом Соҳиб шаҳрини эгаллаб олиб, асосий савдо йўли устидан назоратни қўлга киритди.

Бунинг устига, Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидан 300 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарани кесиб, Тожикистон давлати ҳудудига қочиб ўтдилар, дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, мағлубият вақтинчалик эканлигини айтди, аммо улар қандай қилиб йўқотилган ҳудудлар устидан ўзларининг назоратини қайта ўрнатишлари аниқ эмас эди.

Толибон вакили Забиҳулла Мужоҳид туманлар “қулаганини” тасдиқлади ва уларнинг аксарияти жангсиз таслим бўлганини айтди.