Туркия Озарбайжон билан иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги баёнотни тасдиқлади

“Туркия-Озарбайжон ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссияси тўққизинчи мажлисининг баёноти ратификация қилинди (расман кучга кирди)”, – деб хабар бермоқда Туркиянинг расмий Gazette нашри.

19 февраль куни пойтахт Анқарада Туркия вице-президенти Фуат Оқтай ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадов томонидан имзоланган протоколнинг ратификацияси ҳақидаги хабар Gazette да чоп этилди.

Протоколга мувофиқ, Туркия ва Озарбайжон кўплаб соҳаларда, жумладан, таълим, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва алоқа каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Баёнот доирасида Туркия Озарбайжонни арман босқинчилигидан озод қилинган минтақаларни тиклаш ва ривожлантиришда қўллаб-қувватлайди.

Расмий баёнотдан ташқари, мамлакатлар ўртасида тўртта ўзаро англашув меморандумлари имзоланган.

Келишувлар касбий таълим, транспорт ва ахборот технологиялари, аккредитация ва ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш ва кенгайтиришга қаратилган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида бошланиб, 10 ноябрдаги сулҳ битими билан якунланган можарода Озарбайжон Арманистоннинг ўттиз йиллик ишғолидан бир неча шаҳар ва 300 га яқин аҳоли пунктлари ва қишлоқларни озод қилганди.

Сулҳ шартларининг бажарилишини кузатиб бориш учун Туркия-Россия қўшма маркази ташкил этилди. Россия тинчликпарвар кучлари ҳам минтақага жойлаштирилган.