Вакцинацияга қарши намойишлар Францияни ларзага келтирмоқда

Шанба куни Франциянинг бир нечта шаҳарларида ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш тизими бўйича янги талаблари ва соғлиқни сақлаш ходимларининг мажбурий эмланиши тўғрисидаги қарорига қарши бир ҳафтада иккинчи марта оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, намойишларда тахминан 114 минг киши қатнашган.

Минглаб намойишчилар Париж, Марсель, Авиньон ва бошқа ўнлаб шаҳарларда «Озодлик», «Макрон диктатор», «Йўқолсин Макрон», «Шармандаликка йўл қўйилмайди» ва «Янги қарорни бойкот қилинг» деган шиорларни кўтариб кўчаларга чиқишган

Лионда полиция тўққиз нафар намойишчиларни ҳибсга олган. Дижон шаҳрида ҳам намойишчиларга нисбатан жамоат тартибини бузганлари учун кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилган.

Франциянинг жануби-шарқидаги Ланс-ан-Веркор шаҳрида эмлаш маркази бузиб ташланган. Деворга вакцинага қарши графитилар чизилган. Шаҳар ҳокимияти айбдорлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.

Намойишчилар Президент Макрон эмланиш мажбурий бўлишини эълон қилганидан кейин кўчаларга чиқишни бошлашган.

Ҳукумат, шунингдек, соғлиқни сақлаш ходимлари ва қариялар уйлари каби муассаса ходимлари учун вакцина олишни мажбурий қилиб қўйди. Қоидаларга бўйсунмаганлар жарима тўлайди, ҳаттоки ишдан бўшатилишлари ҳам мумкин.