Афғонистонда Толибоннинг таъсири тобора кенгайиб бормоқда

Толибон жангарилари якшанба куни стратегик шимоли-шарқий Қундуз шаҳри ва Сарипулнинг шимолидаги иккита вилоят пойтахтини босиб олишди. Исёнчилар шимолда босимни кучайтирган ва бошқа шаҳарларга таҳдид қилган.

Вилоят мажлиси депутатининг гапларига қараганда, Толибон жангарилари Қундуз шаҳридаги асосий ҳукумат биноларини эгаллаб олишган ва ҳукумат кучлари аэропорт ҳамда ўз базаларида қамалда қолиб кетган.

Толибон, шунингдек, шимолий провинция пойтахти Сарипул шаҳридаги ҳукумат биноларини олиб, амалдорларни шаҳар марказидан яқин атрофдаги ҳарбий базага қувиб чиқарди, деди Сарипул вилоятининг вилоят кенгаши аъзоси Муҳаммад Нур Раҳмани.

Сўнгги кунларда Толибон жанубдаги анъанавий таянч пунктлари ташқарисида жойлашган шимолий вилоятларга ҳужумларни кучайтирди. Ушбу вилоятлар Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари ва савдо шериклари Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарада жойлашган.

Шанба куни Шимолий Жузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрида оғир жанглар бўлиб ўтди. Толибон бутун вилоятни эгаллаб олгани айтилмоқда.

Афғонистон хавфсизлик кучлари вакили Қундузда “ўта оғир жанглар кетаётганини” айтди. Шаҳар стратегик “соврин” сифатида қаралади, чунки у минералларга бой шимолий провинциялар ва Марказий Осиё дарвозаси ҳамдир.

Қундуз вилоятининг депутати Рейтерс агентлигига берган интервьюсида, исёнчилар 270 минг аҳоли яшайдиган шаҳардаги муҳим биноларни эгаллаб олишган ва бу Толибон қўлига тушган охирги йирик марказ бўлиши мумкин деган қўрқув кучайган.

Толибон матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг айтишича, гуруҳ асосан вилоятни эгаллаган ва аэропортгача масофа анча яқин қолган.

Қундуз соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, жанглар оқибатида ораларида аёллар ва болалар ҳам бўлган 14 та жасад ва 30 нафардан ортиқ жароҳатланганлар касалхонага етказилган.

Хабарларга қараганда Сарипулда “ҳукумат қароргоҳи, жумладан, ҳокимнинг уйи, полиция қўмондонлиги ва Миллий хавфсизлик бошқармаси толиблар томонидан босиб олинган”.