АҚШда таълим кредитлари тўлаш вақти узайтирилди

Таълим вазирлигининг маълум қилишича, Байден маъмурияти америкаликларга таълим кредитларини тўлашни “вақтинча тўхтатиб туриш” муддатини 2022 йил 31 январга қадар “сўнгги марта” узайтирди.

Пандемия сабаб бўлган ушбу “узайтириш” қарзларни тўлаш, фоизлар ва бошқа йиғимларни ўз ичига олади. Таълим вазирлиги ахборот хизматининг пайшанба кунги ҳолатига кўра, кредитлар тўлов муддатининг тўхтатилиши 30 сентябрда тугаши керак эди.

“Тўлов муддатининг тўхтатилиши миллионлаб америкаликларга фавқулодда вазият пайтида талабалар кредитлари ўрнига оиласи, соғлиғи ва бошқа молиявий масалаларига эътибор қаратиш имконини берди”, – деди таълим вазири Мигел Кардона. “Мамлакатимиз иқтисодиёти тикланишда давом этар экан, бу охирги узайтириш талабалар ва қарз олувчиларга тўловни режалаштириш ва қайтаришнинг тўғри йўлини таъминлаш учун етарли вақт беради.”

Таълим вазирлиги яқин орада қарз олганларга тўлов муддати узайтирилгани тўғрисида хабар беришни бошлайди. Талабалар ўқиши учун таълим кредитини қайтаришни вақтинча тўхтатиб туриш тизими Трамп маъмурияти даврида йўлга қўйилди, чунки пандемия айнан Трамп президентлиги чоғида авж олган. Президент Байден эса у бошлаган ишнинг муддатини янада узайтирди.