Байден: Менимча, “Толибон” ўзгармаган, лекин Сурияда хавф бундан ҳам катта

АҚШ президенти Жо Байден қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини ҳимоя қилиб, АҚШга дунёнинг бошқа минтақалари, жумладан, Сурия хавфи анча катта эканлигини таъкидлади.

Байден, пайшанба куни ABC телеканалига берган интервюсида, Афғонистондаги Америка қўшинларининг кўп қисмини олиб чиқиш оддий вариант эканлигини ва бундан кўра самаралироқ ишни амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлади.

Бу қарорни амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган хатолар ҳақидаги саволга, Байден, тартибсизлик ҳолатини яратмасдан, кучларни қандай олиб чиқишни билмаслигини айтди.

Байден ўзининг олдинги позицияларини ҳимоя қилиб, ҳеч ким Ғарб томонидан ўргатилган ва таъминланган 300 минг ҳукумат кучларининг қулаши ва таслим бўлишини кутмаганини таъкидлади.

Байден Афғонистондаги ҳарбий иштирокини мамлакатни тарк этмоқчи бўлган охирги Америка фуқароси эвакуация қилинмагунча сақлаб туришга ва АҚШ кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонларни имкон борича кўпроғини эвакуация қилишга ваъда берди.

АҚШ президенти Толибон ўзгарганига ишонмаслигини айтиб: “Менимча, улар халқаро ҳамжамият уларни қонуний ҳукумат сифатида тан олишларини хоҳлаяпти”, деди.

Байден “Толибон” билан курашиш бўйича, ҳаракатга ўз хатти -ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилиш мақсадида иқтисодий, дипломатик ва халқаро миқёсда босим ўтказиш йўлини таклиф қилди.

Президент Афғонистонда террор хавфи 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан олдинги ҳолатга нисбатан камайганини таъкидлаб, ҳозир дунёда Қўшма Штатлар учун бошқа жиддий таҳдидлар борлигини айтди.

У “Ал-Қоида ва ИШИД тарқалиб кетди ва Қўшма Штатлар учун Суриядан ва Шарқий Африкадан келадиган хавф кўпроқ”, деб айтди.