Байден ва Жонсон Афғонистон бўйича G7 йиғилишини чақирмоқчи

АҚШ Президенти Жо Байден Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон билан Афғонистондаги вазият ҳақида музокара олиб борди. Улар келаси ҳафта умумий стратегия ва ёндашувни муҳокама қилиш учун G7 етакчиларининг виртуал учрашувини ўтказишга келишиб олдилар.

Икки раҳбар “Афғонистон сиёсати бўйича иттифоқчилар ва демократик шериклар ўртасида доимий мувофиқлаштиришни давом эттириш ҳамда жаҳон ҳамжамияти қочқинлар ва бошқа ҳимоясиз афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини муҳокама қилишди”, дейилади Оқ Уй баёнотида.

Демократлардан бўлган АҚШ президенти Жо Байденнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарори мамлакатнинг олдинги президенти республикачи Доналд Трамп томонидан ва АҚШ иттифоқчилари орасида кенг танқидларга сабаб бўлди.

Даунинг-Стрит матбуот котибининг сўзларига кўра, Жонсон Байден билан мулоқотда “охирги 20 йил ичида Афғонистонда эришилган ютуқларни бой бермаслик, терроризм оқибатида пайдо бўладиган ҳар қандай таҳдиддан давлатларни ҳимоя қилиш ва Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этиш муҳимлигини таъкидлаган”.