Безос NASA ни судга берди

Жефф Безоснинг Blue Origin космик компанияси NASA ни Элон Маскнинг SpaceX компаниясига 2,9 миллиард долларлик ойга қўниш миссияси бўйича шартнома бериб юбориш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилмоқда.

Амазоннинг собиқ хўжайинига тегишли корхона келишувда “жиддий муаммолар” борлигини айтиб, уни адолатсиз деб атади.

Норозилик молиявий маблағлар етишмаслиги туфайли лойиҳани кутилганидек иккита эмас, балки битта компанияга топшириш ҳақидаги апрель ойидаги қарор ортидан келиб чиққан.

NASA бу бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.

Blue Origin жума куни берган аризасида, 2024 йилда астронавтларни Ой юзасига олиб борадиган тизимни қуриш учун иккита пудратчи кераклигига ишонишда давом этганини айтди.

Шунингдек, у NASA ни тендер жараёнида ўз таклифларини “ноқонуний ва нотўғри баҳолаш” да айблаган.

Маблағ берилаётганда NASA раҳбари Кети Людерс космик агентликнинг ҳозирги бюджети унга иккита компанияни танлашга имкон бермаслигини тан олган. Бу Конгресс агентликка лойиҳа учун сўралган 3,3 миллиард доллардан атиги 850 миллион долларни ажратганидан кейин юз берган.

NASA, шунингдек, Элон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг орбитал миссиялар бўйича исботланган тажрибаси танловнинг асосий омили бўлганини айтди. Нарх ҳам муҳим роль ўйнаган деб ишонилади. SpaceX томонидан илгари сурилган таклиф қолган барча нархлардан пастроқ бўлган.

Июль ойида жаноб Безос шартномани қайта кўриб чиқиш учун NASA харажатларини 2 миллиард долларгача қоплашни таклиф қилган, бироқ у рад жавобини олган.

Агентлик 12 октябргача даъвога нисбатан қонуний тарзда жавоб бериши керак. SpaceX бу суд даъвосига ҳозирча изоҳ бермаяпти.

NASA Артемис дастури ёрдамида 1972 йилдан бери биринчи марта америкалик космонавтларни Ойга қайтаришга умид қилмоқда.