Энди Афғонистонда нима бўлади?

Ғарбий Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида амакиваччам бор. Биз 1970 йилларда бирга ўсганмиз. Уни қарийб эллик йилдан бери кўрмадим. Мен уни яшил кўзли ва сепкилли, илиқ юзли ёш аёл сифатида эслайман.

Унга кеча қўнғироқ қилдим. У хавотирда эди. Унинг менга айтишича, барча вояга етган фарзандлари Ҳиротдан Кобулга қочиб кетишган. У ўғли билан Толибон байроғи остидаги шаҳарда ёлғиз қолган.

Юрагим эзилди, ожизлигимни ҳис қилдим. Мен амакиваччам учун хавотирдаман. Мен ўз уйидан қочган ва “энди нима бўлади?” каби саволларга жавоб топиш учун курашаётган миллионлаб афғонлар учун қайғудаман. Улар қаерга боришади? Уларга нима бўлади? Ҳеч ким аниқ айта олмайди. Лекин, мен афғон опа-сингилларимдан кўпроқ ташвишдаман. Аёллар ва қизлар бошқаларга қараганда кўпроқ хавф остида.

Толибон Афғонистонни охирги марта бошқарганидан бери даҳшатли тасвирлар одамларнинг хотирасидан ҳали ўчмаган: омма олдида калтаклашлар, қўлларни кесиш, стадионлар ичидаги оммавий қатллар, тарихий артефактларни ваҳшиёна ва мантиқсиз равишда йўқ қилиш. Аммо, мен учун 90 йиллардаги Толибон деганда бурқа кийган аёлларни калтаклаганлар ҳаёлга келади. Толибон аёлларни мунтазам равишда хорлаб келган. Улардан ҳаракат эркинлигини, ишлаш эркинлигини, таълим олиш ҳуқуқини, зеб-зийнатлар тақиш, тирноқларини ўстириш ёки бўяш, омма олдида кулиш, ҳатто юзини кўрсатиш ҳуқуқини тортиб олишган.

Бу менинг қариндошимни кутаётган нарсаларми? Ёки булар унинг қизини кутиб турибдими? Йигирма йил мобайнида мухторият, қадр-қиммат ва шахсий манфаатларга эришиш учун меҳнат қилган беҳисоб жасур афғон аёллариними? Афғонистонлик аёлларни яна уйларда яшириш керакми? Уларни кўчаларда калтаклашадими? Энди аёлларга ишлашга рухсат берилмайдими? Қизларнинг синфхоналари бўш турадими? Аёлларнинг юзлари Афғонистон телевидениесидан, аёлларнинг овозлари радиолардан олиб ташланадими? Афғонистон яна бир бор ўз аҳолисининг ярми бериши мумкин бўлган муҳим ҳиссадан маҳрум бўладими?

Толибон ўзгарган бўлиши мумкин, дейди кимдир. Лекин, улар ҳақиқатда ўзгардими? Келаётган кунлар, ҳафталар ва ойлар бу саволга жавоб беради. Ҳиротдан олинган сўнгги тасвирларда, Толибон аскарлари шаҳар бўйлаб юзлари қора рангга бўялган ва бўйнига сиртмоқлар солинган ўғриларни судраб юрганини кўриш мумкин. Уларнинг бу ҳаракати қалбдаги зарра умидни ҳам сўндиради. Балки бу тасвирлар 1997 йилда олинган бўлиши ҳам мумкин.

Шундай қилиб, агар Толибон ўзгармаган бўлса ва уларнинг ваҳший ҳамда ғайриинсоний қонунлари узоқ азоб чеккан одамларга нисбатан қўлланилишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаса, нима қилиш керак? У ердаги аёллар ва қизларга нима бўлади? Қаердан ёрдам келади? Жавобини билмайман. Мен бугун аниқ ҳеч нарса билмайман. Бугун мен хавотирдаман. Бугун менинг юрагим эзилди. Бугун мен афғонистонликларнинг йўқолган умидлари ва интилишлари учун йиғлайман.

Америка қарори қабул қилинди ва кўп афғонлар, шу жумладан мен ҳам қўрқадиган даҳшат бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Шундай бўлса-да, қандайдир ноаниқ ва умидсиз туюлса-да, дунё Афғонистонни унута олмайди ва унутмаслиги керак. Дунё қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида тинчлик излаган халқни тарк этмаслиги керак. Дунё оддий афғонлар, айниқса аёллар ва қизлар билан бирдамликда туриши ва толибларга уларнинг асосий инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш учун босим ўтказишнинг зарурий чораларини кўриши керак. Дунё миллионлаб афғон аёллари қулфланган эшиклар ва пардалар ортида қотиб қолмасликлари учун қўлидан келганини қилиши керак. Бу аёллар мен дуч келган энг жасур ва бардошли одамлардир. Менинг амакиваччам бунинг ёрқин мисоли. У каби аёллар мени қайта-қайта илҳомлантиради ва мен уларнинг олдида таъзимдаман. Улар узоқ йиллар қийинчиликлар ва курашларга дош бериб, яна азоб чекишлари шармандаликдир.

Улар ва умуман афғон халқи бундан ҳам яхшироқ нарсага лойиқдир.

Якуний эслатма: Толибон ҳаракатлари давом этар экан, кўчирилган афғонлар сони ўсишда давом этади. Жорий йилнинг май ойидан буён 300 мингдан ортиқ одам уйини ташлаб чиқиб кетган. Уларга озиқ-овқат, бошпана ва фавқулодда ёрдам керак бўлади. Илтимос, UNHCR (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлиги) ва бошқа ташкилотларни қўллаб-қувватланг. Уларнинг вазифаси қочқинларни ҳимоя қилишдир.

Ҳолид Ҳусайний, афғон-америкалик ёзувчи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлигининг яхши ният элчиси.