Капитолий яқинида гумонланувчи таслим бўлди

Вашингтондаги Капитолий биноси ёнида портловчи мослама бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволардан кейин гумонланувчи АҚШ полициясига таслим бўлди ва ҳибсга олинди.

Ушбу шахс 49 ёшли Флойд Рей Роузберри бўлиб, полиция билан узоқ музокаралардан сўнг, машинасидан чиқди ҳамда ҳибсга олинди.

Флойд Капитолий тепалигидаги Конгресс кутубхонаси ташқарисида йўлакчада тўхтаб турган ва давлат рақами бўлмаган қора пикапда ўтирган ва полицияга машинада бомба борлигини айтган.

АҚШ Капитолий полицияси ходимлари “шубҳали машинани” пайқаб, дарҳол бино атрофини эвакуация қилишганини айтишди.

Терговчилар, машинада портловчи модда бўлган ёки бўлмагани ҳақидаги хабарларни тасдиқламадилар.