Марказий разведка бошқармасининг Афғонистондаги охирги базаси йўқ қилинди

“The New York times” газетаси Қўшма Штатлар Марказий разведка бошқармасининг Афғонистондаги охирги базасини назорат остида портлатиш натижасида вайрон бўлганини тасдиқлади.

Жума куни газета АҚШ расмийларидан иқтибос келтирган ҳолда, Кобул бўйлаб эшитилган портлаш Марказий разведка бошқармасининг Афғонистон пойтахти аеропорти ташқарисидаги охирги жойлашуви бўлган, мустаҳкам “Eagle” базасини вайрон қилганини ёзди.

Газета манбаларининг таъкидлашича, базани йўқ қилиш, ундаги маълумотлар ва ускуналар мамлакатда ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати қўлига тушмаслигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида қилинган.

Уруш бошида ташкил этилган база собиқ ғишт заводида жойлашган бўлиб, у кичик майдондан Афғон разведка хизматларининг терроризмга қарши кучларини ўқитиш учун ишлатиладиган катта марказга айлантирилди.

База жуда махфий эди ва у баландлиги уч метр бўлган девор билан ўралган, бундан ташқари унинг ичида бир нечта назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилган.

Бу АҚШ ва “Толибон” ўртасида Кобулдан эвакуацияни тўхтатиш ва Афғонистондан хорижий кучларни бутунлай олиб чиқиш куни, яъни 31 август куни яқинлашганда содир бўлди.