Нешвил шаҳрида отишма юз берди

Полициянинг хабарига кўра, сешанба куни эрталаб бир киши Нешвил шаҳри четида жойлашган Smile Direct Club корхонасида отишма уюштирган.

Бир эркак ишчилар алмашинуви вақтида бинога кириб, ўқ узган, деди матбуот анжуманида Метро Нешвил полиция бошқармаси вакили Дон Аарон. Уч нафар ходим яраланган, улар маҳаллий касалхонага ётқизилган. Бирининг аҳволи оғир.

Отишмадан сўнг, полиция қуролланган шахсни яқин орадаги чорраҳадан топди. Зобитлар ундан қуролни ташлашни сўрашган, лекин у қуролни зобитларга йўналтирган.

Дон Аароннинг сўзларига кўра, полиция ходимлари гумонланувчига қарата ўқ узганлар. Жиноятчи дарҳол Вандербилт университети тиббиёт марказидаги касалхонага ётқизилган, аммо у кўп ўтмай вафот этган. Теннесси Тергов Бюроси ушбу ҳодиса бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.

Аниқланишича, жиноятчи июнь ойида Smile Direct Club корхонасида иш бошлаган 22 ёшли ходим бўлган. Тишларнинг ҳолатини тўғирлайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Smile Direct Club компаниясининг бош қароргоҳи 2016 йилдан бери Нешвил шаҳрида жойлашган.