Олимпия орзуси илинжида мағлуб бўлган Кумар ёҳуд Баҳодирнинг хавфли зарбалари

Boxing King Media нашри боксчимиз Баҳодир Жалоловга қарши рингга чиқиб енгилган ҳиндистонлик боксчи Кумарнинг жанги ҳақида мақола эълон қилди.

Мақолада Баҳодирнинг бугунги кундаги энг кучли боксчи эканлиги ва Кумар мисолида унга қарши чиқиш қийинлигини эслатиб ўтиб қуйидагиларни ёзади.

“Сиз суратда кўриб турган бу спортчи Токио Олимпиадасида Ҳиндистон шаънини супероғир вазн тоифасида ҳимоя қилган боксчи Сатиш Кумар бўлади. Кумар Ҳиндистон армиясининг майор унвонига эга.

Бўйи баландлиги (бўйи 1.92 метр, оғирлиги 99.7 кг) туфайли Армия Бокс Лагерига саралаб олинган Кумар 20 ёшида бокс билан шуғулланишни бошлаган. Сатиш чорак финалда ямайкалик Браунни мағлуб этган бўлсада, рингдан жиддий техник жароҳатлар билан чиқиб кетди. Қош ва ияк соҳасининг 13 та ёрилган ва кесилган жойларидан тикилган Кумар ярим финалга чиқиш учун ўзбекистонлик Баҳодир Жалоловга (ҳаваскорлар ўртасида, супероғир вазнда Баҳодир биринчи рақамли боксчи бўлиб турибди) қарши жанг қилмаслик ҳақида яқинлари томонидан огоҳлантирилди. Сатишнинг рафиқаси ҳам ушбу “хавфли ўзбек” билан жанг қилмасликни илтимос қилди. Лекин, ҳиндистонлик спортчининг қони қайноқ бўлгани ва жанговорлик руҳияти устун келиб, Баҳодир билан курашишга қарор қилди.

Кумар қабул қилган қарори оқибатида Жалолов билан бўлган жангда мағлуб бўлди. Курашда енгилган бўлсада, Сатиш халқаро эътирофга муносиб спортчи эканлигини исботлади.”