Сайрам – Қозоғистондаги ўзбек қишлоғи

Сайрам қишлоғи — Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам туманининг энг катта қишлоқларидан бири ҳисобланади.  Аҳолисининг 95 % дан ортиғини ўзбеклар ташкил қилади.

Сайрам — тарихда Исфижоб, Ўрунгкент, Еттикент, Мадинат улбайзо, Сарём номлари билан қайд этилади. Сайрам қалъасининг қадимий ўрни 28 га дан кўпроқ жойни эгаллаган. Қалъа биринчи марта 840-йилда сомонийлар амири Нуҳ ибн Асад томонидан бунёд этилган. Кўчманчилардан сақланиш учун девор жуда қалин қилиб қурилган. Шаҳарнинг барпо этилгани яқин пайтларгача 1,5 минг йилдан кўпроқ вақт ўтган деб юритиларди. 1988-йилги археологик қазишмалар шаҳарнинг анча илгари бунёд қилинганлигини исботлади. Қадимги аждодлар яшаган манзилгоҳдан I acpга оид буюмлар топилди. VI-XIX аср давомида Сайрам 13 марта босқинчилар ҳужумининг гувоҳи бўлган. Манбаларда Сайрам номи биринчи марта Хитой сайёҳи Сюан Сзан (VII-аср) томонидан тилга олинади. Араблар босиб олгунига қадар, Сайрам халқи буддизм, зардуштийлик, христиан динларига эътиқод қилган. Мас, унинг кўҳна дарвозаларидан бирининг номини будда ибодатхонаси сифатида таржима қилиш мумкин. Муҳаммад Шайбоний XV аср охирида Ўтрор, Ясси ва Сайрам шаҳарларини ўз қўлига олади. Бу даврдаги тарихий ёдгорликлардан Абдул Азиз бобо ва Қорасоч мақбараси диққатга сазовордир. 1683-йил Сайрам Абулхайр ихтиёрида бўлган бир пайтда жунғорлар (қалмоқлар) ҳужуми бошланади. Қалмоқ хони Хунтайжи Сайрамни талаган. 40 минг асир ҳайдаб кетилган. Асирлар бир йил мобайнида Или дарёси бўйида ушлаб турилган, сўнгра қадимги Турфанға ҳайдаб кетилган. Кейинчалик асирлар Қашқарда ўзларининг бой Сайрам шаҳарини барпо этишган. 1758-йил Сайрам Қўқон хонлиги ҳудудига қўшиб олинди. 1864-йил Россия босиб олган. 1917-йилга қадар Сайрамда 35 та масжид бўлган. Ҳозирги кунга келиб сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар: Қози Байзово мақбараси, жоме масжиди қолдиқлари, Хизр масжид ёнидаги мезана, Мирали бобо мақбараси, шунингдек, шаҳар марказидаги ер ости йўли (узунлиги 3 км дан ортиқ). Душман ҳужум қилган пайтда аҳоли ушбу ер ости йўлидан фойдаланган. Шаҳар эски қалъасини бузиш пайтида XIII асрга оид танга пуллар, бирбирига ихчам кийдирилган сопол қувурлар, сопол буюмлар, эски ўчоқ ўрни ва бошқалар топилган.

М. Хашимовнинг Памятники Центральной Азии китобидан олинди. “Сага” нашриёти, 2001 йил.