Тошкентда Суриядаги террорчилик ташкилоти аъзолари билан мулоқотда бўлган бир гуруҳ шахслар ушланди

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси ўз расмий сайтида қуйидагича хабар берди.

Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида, жорий йилнинг август ойида, Сурияда фаолият олиб бораётган халқаро террорчилик ташкилотларининг бир гуруҳ аъзолари, ҳозирда қидирувда бўлган –

1978 йилда туғилган, Олмазор туманида истиқомат қилган Мусажонова Феруза Сабитовна,

1981 йилда туғилган, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилган Қосимов Сарвар Одилжонович

2001 йилда туғилган, Учтепа туманида истиқомат қилган Абдукахоров Абдурахим Абдумалик ўғли,

1993 йилда туғилган, Яшнобод туманида истиқомат қилган Джумабаев Дилшод Мурод ўғли,

1999 йилда туғилган, Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилган Мухаммадбакиев Абдулахад Бахтиёр ўғли,

1990 йилда туғилган, Юнусобод туманида истиқомат қилган Улмасов Миролим Мирсамухович,

2001 йилда туғилган Сергели туманида истиқомат қилган Собиржонов Нодир Жахонгир ўғиллар билан интернет тармоғи орқали алоқада бўлиб келганликда гумонланмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ТБ иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Сергели туманлари ҳудудидаги 108 та манзилларда прокурор санкцияси асосида тинтув тергов ҳаракати ўтказилиб, 94 нафар шахслар ички ишлар бўлимларига олиб келинди.

Тадбир давомида, ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, экстремистик оқим ва халқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида 1 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди ҳамда 10 нафар шахсларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чоралари тайинланди. Ҳозирда тергов-тезкор тадбирлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда, фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларига алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, уларни сақламасликларини ва тарқатмасликларини сўраб қоламиз.