Туркиядаги ёнғинлар учун жавобгарликни “Олов болалари” ўз зиммасига олди

Туркияда 28 июнда бошланган ва кўплаб ҳудудларни қамраб олган ўрмон ёнғинлари бўйича жавобгарликни “Олов болалари” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Туркияда террористик ташкилот деб қабул қилинган ПКК-Курд Ишчи Партиясига боғлиқ мазкур гуруҳ ижтимоий тармоқларда “Олов болалари Туркиянинг туристик ҳудудларидаги саботажларни ўз бўйнига олади: Турк режими бошқа бир тилни тушунадиган бўлгунча уларни оловли сел билан тиз чўктириш пайти келди”, деган.

ПКК раҳнамоларидан бири Мурот Карайилан ўтган йили ўз қўл остидагиларга ўрмонларни ёқиш бўйича буйруқ берган бўлиб, айни йили Хатайда содир бўлган ёнғин бўйича жавобгарликни ҳам айнан мазкур гуруҳ ўз бўйнига олган эди.

Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон ҳам ёнғинлар бошланган пайтда бунинг террористик акт эканлигини тахмин қилган эди.