Афғон учувчилари уйга қайтишдан хавотирда

АҚШ томонидан ўқитилган ва Термиздаги лагерда сақланаётган афғон учувчилари Толибон ҳукмрон Афғонистонга қайтариб юборилишдан хавотирланишмоқда.

“Агар улар бизни қайтариб юборсалар, бизни ўлдиришларига 100 фоиз аминман”, – деди қасосдан қўрқиб исмини айтишдан бош тортган учувчи.

Афғон учувчилари илгари COVID-19 касалларини даволаш учун фойдаланилган ва Термиз шаҳри яқинида жойлашган лагерда яшамоқда.

АҚШнинг ҳозирги ва собиқ амалдорлари АҚШ ҳукуматини Афғонистон ходимлари ва самолётларини Ўзбекистондан эвакуация қила олмаётгани учун танқид қилмоқдалар. Улар Толибон Ўзбекистон ҳукуматига ҳарбийларни топшириш учун босим ўтказаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хербст Ўзбекистон Толибон томонидан ҳақиқий ва катта босимга дуч келганига ишонишини айтди. “Улар Толибон билан яхши муносабатда бўлишни хоҳлайдилар”, – дейди Хербст.

Рейтерс билан суҳбатлашган афғон учувчиси А-29 Super Tucano енгил ҳужум самолётларини бошқарган 15 нафарга яқин, UH-60 Black Hawk вертолётларини бошқарган 11 нафар, MD-530 вертолётларини бошқарган 12 нафар ва кўплаб Ми-17 вертолёт учувчилари борлигини айтган.

Лагерда ўнлаб учувчилардан ташқари, Ҳарбий ҳаво кучларининг техник ходимлари ва бошқа афғон хавфсизлик кучлари борлиги айтилган.

“Чоршанба куни АҚШ ҳукумати расмийлари лагерга келиб, у ердаги афғон ходимларидан биометрик маълумотларни олишди”, – деди учувчи.