АҚШнинг йирик компаниялари афғон қочоқларини ишга олишга ваъда бермоқда

Amazon, Chobani, UPS ва бошқа 30 дан ортиқ компаниялар Афғонистондан АҚШга қочиб келган қочоқларни ёллашга ва ўқитишга ваъда беришган.

Сешанба куни бу компаниялар АҚШга келган ўн минглаб афғон қочоқларининг иқтисодиётга интеграциялашувига ёрдам беришни хоҳлашларини эълон қилишди.

Компаниялар, шунингдек, Chobani Foods асосчиси ва бош директори Ҳамди Улукая томонидан тузилган “Афғон қочоқлар коалицияси”га қўшилишларини айтишди.

Ўз навбатида, UPS юк ташиш компанияси қочоқларни ўз тажрибасига мос келадиган иш билан таъминлашини айтди.

Amazon электрон тижорат компанияси, шунингдек, ўз омборларида ёки транспорт ва юк ташиш марказларида қочоқларга иш жойларини, компаниядаги лавозимларни ёки технологик иш жойларини таклиф қилишини, уларга ўқиш ва таълим харажатларини, масалан, коллеж каби, тўлашини маълум қилди.