Билл Гейтс Безос ва Маскнинг космик пойгаси ҳақида фикр билдирди

Microsoft асосчиси Билл Гейтс миллиардерлар Жефф Безос, Элон Маск ва Ричард Бренсонлар космик компаниялари ўртасидаги рақобат ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, у машҳур тадбиркорларнинг коинотни тезроқ забт этишга уринишларини тушунолмаяпти. Чунки, одамлар учун Ер юзида ҳал этилмаган муаммолари етарли.

Гейтснинг ўзи соғлиқни сақлаш муаммоларига жуда кўп дуч келган. Унинг жамғармаси безгак ва ОИВ билан курашиш, шунингдек, камбағал мамлакатлар учун COVID-19 вакциналарини сотиб олиш мақсадида юз миллионлаб доллар хайрия қилган.

“Умуман олганда, мен безгак ва ОИВ каби касалликларни қандай енгиш ҳақидаги ўй-фикрларга боғланиб қолганман шекилли. Мен хатто кўпчиликни турли йиғилишларда доимо касалликлар ҳақида гапириб зериктириб юборган бўлсам керак … Коинот? Бизнинг Ерда қиладиган ишларимиз ҳали етарли”, – деган Гейтс.

Бир ҳафта олдин, Маскнинг SpaceX компанияси очиқ коинотга уюштирилган ўзининг биринчи экипажли фуқаролик парвозини якунлади. Июль ойида миллиардерлар Жефф Безос ва Ричард Бренсонлар ҳам очиқ фазога чиқиб келишди. Уларнинг саёҳатлари узоқ давом этмаган бўлсада, лекин миллиардлаб доллар сарф этилган.