Hyundai нинг янги қўриқчилари

Hyundai Boston Dynamics компаниясини сотиб олгач, ўз заводида қўриқчилар ўрнига робот-кучуклардан фойдалана бошлади.

Boston Dynamics ва Hyundai компаниялари Жанубий Кореядаги Kia автомобиль заводини қўриқловчи ва завод хавфсизлиги бўйича жавобгар бўлган янги хизмат роботини тақдим этди. Бу роботлар ишлаб чиқариш майдонларида хавфсизликни таъминлаш учун мўлжалланган, деб ёзади Hyundai ўз блогида.

Service Robot кучуклари сунъий интеллект, автоном навигация ва масофадан бошқариш технологияларига эга тўрт оёқли Spot роботи ишлаш принципларига асосланган. Ўрнатилган термал камера ва 3D ЛИДАР ёрдамида у одамларни кузата олади, ҳароратнинг хавфли даражага кўтарилишини ва ёнғин хавфини кузатади, эшик очиқ ёки ёпиқлигини аниқлай олади.

Service Robot туфайли завод ходимлари ишлаб чиқариш майдонларида нима бўлаётганини масофадан туриб кузатишлари мумкин. Агар эҳтиёж бўлса, бошқарувчилар корхонанинг керакли майдонларини синчковлик билан текшириш учун роботни қўлда бошқариш тизимига ўтишлари мумкин. Шунингдек, робот-кучук тор жойларга кириб бориш, инсон кўзи билан кўриш қийин бўлган зоналарни кузатиш қобилиятига ҳам эга.

Hyundai ҳозирда Service Robot нинг катта корхона муҳитида самарадорлиги ва имкониятларини ўрганмоқда. Тажрибанинг муваффақиятли якунланиши билан бошқа Boston Dynamics роботлари автомобиль компанияси заводларида пайдо бўлади.