ШҲТга раислик Ўзбекистонга ўтди

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар етакчилари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирок этди.

Ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлардан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қатнашди.

Шунингдек, тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ижроия органларининг раҳбарлари иштирок этди.

Мажлис якунида ШҲТнинг 20 йиллиги бўйича Душанбе декларацияси қабул қилинди, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 30 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, ШҲТ Бош котиби лавозимига Чжан Мин ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директорлигига Руслан Мирзаев номзодлари тасдиқланди.