ССВ: Ҳудудларга “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарини етказиб бериш бошланди

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 27 майдаги тегишли қарорига биноан юртимиз тез тиббий ёрдам хизмати учун янги ва замонавий русумдаги тез тиббий ёрдам автомашиналарини харид қилиш белгиланган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах автомобил заводи ўртасида тез тиббий ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганди.

Бугун, 24 сентябрь куни, мазкур шартномага мувофиқ юртимизда ишлаб чиқарилган А тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарининг биринчи босқичини ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги тез тиббий ёрдам шахобчаларига етказиб бериш бошланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов сўзга чиқиб, тез тиббий ёрдам хизматига топширилаётган ушбу автотранспорт воситалари тизим фаолиятини янада ривожлантириш, бу орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беришини айтиб ўтди.