Тесла олд ҳимоя ойналарини тозаловчи лазер технологиясини патентлади

Тесла АҚШнинг USPTO (Америка Қўшма Штатлари патент ва савдо идораси) идорасидан машиналаридаги олд ҳимоя ойналарини лазер билан тозалаш тизимини патентлашдан ўтказди.

Патент талабномасига кўра, янги тозалаш тизими таркибига “автомобилнинг олд ойнаси устидаги майдонни нурлантириб, тозалаш учун лазер нурини чиқарадиган нурли оптик мослама киради” ва шу восита орқали “ойнада тўпланган қолдиқлар … лазер нурлари билан” олиб ташланади.

Бошқача қилиб айтганда, лазер қурилмаси автомобиль олд ойнасидаги чанг ва бошқа қолдиқларни аниқлайди ҳамда ифлосланган жойни фокусланган лазер нурлари ёрдамида ёқиб юборади. Бу янги тозалаш усули анъанавий ойна тозалагичлар ва ювиш воситаларига ўрнатиладими ёки эски тозалаш тизимларини бутунлай алмаштирадими, аниқ эмас.

Тесла янги технология қачон сотувга чиқарилиши ёки ҳатто оммага намойиш этилиши мумкин бўлган вақт бўйича ҳам сукут сақламоқда.