АҚШнинг видео ўйинлар компанияси жинсий камситиш иши бўйича 18 миллион доллар товон тўлайди

Activision Blizzard ширкати АҚШ давлат идораси томонидан жинсий камситишда айбланган даъвони ҳал қилиш учун 18 миллион доллар тўлашини эълон қилди.

Дунёга машҳур “Call of Duty”, “World of Warcraft” ва “Candy Crush” ўйинларини ишлаб чиқарувчи компания “Тенг бандлик имкониятлари комиссияси (EEOC) билан агентлик берган шикоят бўйича келишувга эришганини маълум қилди.

“Суд томонидан тасдиқланиши керак бўлган келишувнинг бир қисми сифатида, зарар кўрганларга компенсация бериш учун 18 миллион долларлик жамғарма яратилади”, дейилади ширкат баёнотида.

Унга кўра, қолган маблағ жинсий зўравонликка қарши курашувчи, гендер тенглигини қўллаб -қувватловчи ва видео ўйинлар соҳасидаги аёлларни қўллаб-қувватлайдиган хайрия ташкилотларига ўтказилади.

Душанба куни берилган шикоятда, EEOC Activision Blizzardни аёл ходимларни жинсий зўравонликка дучор қилишда, уларга нисбатан таъқиблар ва аёл ходимларга эркакларга қараганда камроқ маош тўлашда айблади.