Америка ва Ўзбекистон муносабатлари ижобий томонга ўзгармоқда

Ўзбекистон Вашингтон ва Тошкент ўртасида янада манфаатлироқ муносабатлар ўрнатиш устида ишламоқда.

Пентагон расмийлари шу ойда мамлакатга хавфсизлик масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар борасида фикр алмашиш учун Ўзбекистонга келишди.

Байден маъмурияти Толибон назорати остидаги давлат билан чегарадош бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон билан ҳам бир неча ойлардан буён музокаралар олиб бормоқда.

Сўнгги кунларда Ўзбекистон АҚШнинг кўплаб расмийларини илиқ кутиб олди.

Ўтган ҳафтада республикачилар партиясининг тўрт вакили Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Шавкат Мирзиёев билан икки соатдан кўпроқ суҳбатлашишди. Республикачи Дон Бекон, Мирзиёев билан суҳбатлардан сўнг, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган демократик давлатга айланишига” ишонишини айтди.

Сешанба куни Вакиллар Палатасининг Ташқи ишлар бўлими раиси Грегорий Микс бошчилигидаги гуруҳ Ўзбекистонга уюштирилган сафардан қайтди. Хабарларга кўра, “делегация Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари билан учрашиб, АҚШ бошчилигида Афғонистондан эвакуация қилишга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва минтақавий хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилди”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири аллақачон Давлат котиби Антони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувлар ўтказган.

Шунингдек, Бекон, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо тўсиқларини олиб ташлашга ҳаракат қилишини айтди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Небраскада делегацияга тайёргарлик кўрмоқда. У, шунингдек, Небраска ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида биродар-шаҳар муносабатларини ўрнатишга умид қилмоқда.