АҚШ денгиз флотининг собиқ муҳандиси жосусликда айбланиб ҳибсга олинди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ ядро муҳандиси ва унинг рафиқаси криптовалюта эвазига ядровий сув ости кемалари сирларини хорижий давлатга сотишга уринганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Энди улар суд қаршисида ўз ҳаракатлари учун жавоб беришади.

Адлия вазирлиги баёнотига кўра, Жонатан Тоббе ва унинг рафиқаси Диана шанба куни Ғарбий Виржиния штатида, Федерал қидирув бюроси махфий агентлари томонидан ўтказилган бир йиллик операциядан сўнг ҳибсга олинган.

Собиқ 42 ёшли ядро муҳандиси Жонатан Тоббе, 2020 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳужжатларини номаълум хорижий давлатга юборишда айбланмоқда. Адлия вазирлиги мамлакат номини ошкор қилмади.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, Тоббе рафиқаси ёрдамида бир неча ой мобайнида ўзини чет эллик мансабдор шахс сифатида кўрсатган ФҚБнинг яширин агентига сирларни сотган.

Тоббе Ғарбий Виржиния штатидаги “махфий жойга” сендвич орасига сув ости кемалари ядровий реакторлари тўғрисидаги сирли ҳужжатлар жойлашган рақамли хотира картасини жойлаб, яширган. Унинг хотини эса кузатувчи вазифасини бажарган.

Федерал суд баёнотига кўра, карта хотирасида “ҳарбий муҳим таркибий элементлар, иш параметрлари ва Виржиния синфидаги сув ости кемалари реакторларининг ишлаш хусусиятлари” бўйича маълумотлар бор бўлган. Яна бир хотира картаси сақич пакетига яширилган, деди Адлия вазирлиги.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Тоббе “хизматлари эвазига” умумий қиймати 100 минг долларга тенг бўлган криптовалюта тўловларини қабул қилган.

Расмийларнинг айтишича, Мериленд штатининг Аннаполис шаҳридан бўлган Тоббе ва унинг рафиқаси Ғарбий Виржиниядаги “махфий жойга” бошқа бир хотира картасини жойлаштирганидан кейин ҳибсга олинган. Улар фитна уюштириш ва “махфий маълумотларни узатиш”да айбланмоқда.