Эрон армияси Озарбайжон чегараси яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди

Эрон қўшинлари кескинлик шароитида ўз кучини намойиш қилиш учун Исроил билан яқин алоқалар ўрнатган қўшни давлат Озарбайжон чегараси яқинида катта ҳарбий машғулотни бошлади.

Давлат телевидениеси жума куни Эрон шимоли-ғарбидаги ҳудудга танклар, вертолётлар, артиллерия ва аскарлар жойлаштирилганини кўрсатди.

Армия, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган узоқ масофага учувчи дронлар ва бошқа “кашфиётлар”ни биринчи марта синовдан ўтказаётганини айтди.

Ҳарбий машғулотларга ўтган ойда Эрон Ислом инқилоби гвардияси корпуси чегара ҳудудига техника ва қўшинларни жойлаштиргандан сўнг, Озарбайжон, Туркия ва Покистон Бокуда ҳарбий машғулот ўтказганидан кўп ўтмай старт берилди.

Эрон Озарбайжонни ўзининг душмани Исроил билан яқин ҳарбий алоқаларидан хавотирда эканини, Озарбайжон армиясига Исроил томонидан юқори технологияли дронлар ва бошқа ускуналарнинг етказиб берилиши ўтган йили арман кучлари билан бўлган 44 кунлик уруш мувозанатини ўз фойдасига ҳал қилишга ёрдам берганини очиқ айтади.

Пайшанба куни Озарбайжоннинг Теҳрондаги янги элчисини кутиб олган Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳян “Эрон сионистик режимнинг мамлакат миллий хавфсизлигига қарши мавжудлиги ва фаолиятига тоқат қилмайди ва бу борада зарур бўлган ҳамма нарсани амалга оширади” дея огоҳлантирди.

Ҳафта бошида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиянинг “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида, чегарада режалаштирилган ҳарбий машғулотдан ҳайрон қолганини айтди.

Озарбайжон Қорабоғ ҳудудидан ўтадиган Эрон юк машиналарига “йўл солиғи” жорий қилгани ва ўтган ойда эронлик икки нафар юк машинаси ҳайдовчиларини ҳибсга олганидан сўнг, икки қўшни ўртасидаги зиддият яна кўтарилди.

Алиевнинг айтишича, янги чоралар аста-секинлик билан Арманистонга юк ташувчи Эрон юк машиналари сонини нолга туширган.