Гаитидаги америкалик миссионерларни ўғирлаб кетганлар 17 миллион доллар талаб қилди

Гаитининг Адлия вазири Лисс Кейтелнинг айтишича, бир гуруҳ америкалик ва канадалик миссионерларни ўғирлаб кетган тўда ҳар бир шахсни озод қилиш эвазига 1 миллион доллар, жами 17 миллион доллар сўрамоқда.

Кейтелнинг айтишича, ФБР ва Гаити полицияси ўғирловчилар билан алоқада бўлиб, ўтган ҳафта охирида пойтахт Порт-о-Пренс ташқарисида “Маозо 400” деб номланган тўда томонидан ўғирлаб кетилган миссионерларни озод қилишга ҳаракат қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ўғрилар билан музокаралар бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Унинг ҳукумати гаровга олинганларни ҳеч қандай тўлов тўламасдан озод қилишни хоҳлаётганини билдирди.

Ўғирланганлар 16 америкалик ва бир канадалик бўлиб, улардан 5 нафари бола: бири 8 ойлик чақалоқ, қолганлари 3 ёш, 6 ёш, 14 ёш ва 15 ёшда.