Инсониятнинг 40 фоизи соғлом овқатланишга қодир эмас

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби, оч ва тўйиб овқатланмаганлар, шунингдек, семириб кетаётганлар сони ортиб бораётганини айтди.

3 миллиардга яқин одам, яъни дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи соғлом овқатланишга қодир эмас. Бу ҳақида жума куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан ўтказилган видеомурожаатда маълум қилди.

“Бугун инсониятнинг 40 фоизи соғлом овқатланишга қодир эмас. Бу 3 миллиард одам дегани”, – деди у.

Гутерришнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси ва иқтисодиётда юзага келган муаммолар натижасида вазият жиддий ёмонлашди. Ҳозир 140 миллионга яқин одам озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда. “Шу билан бирга, бизнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, истеъмол қилиш ва қайта ишлаш усулларимиз сайёрамизга оғирлик қилмоқда. Улар бизнинг ресурсларимиз, иқлимимиз ва экологиямизга мисли кўрилмаган зарар келтириб чиқаради, шунингдек, бизга триллионлаб долларга тушади”, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби.