ЖССТ коронавирусга қарши таблеткаларни сотиб олади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бошчилигидаги махсус дастур камбағал мамлакатларни COVID-19 вакциналари, тестлари ва дорилари билан адолатли равишда таъминлаш, курси 10 долларгача бўлган, касалликни енгил кечираётган беморлар учун антивирал препаратлар сотиб олишга қаратилган.

Merck & Со экспериментал таблеткаси молнупиравир, эҳтимол, шундай дорилардан бири сифатида тан олиниши мумкин. Енгил симптомли беморларни даволаш учун бошқа турдаги дорилар ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Келгуси йилнинг сентябрь ойигача дастур қашшоқ мамлакатларга тахминан 1 миллиардга яқин COVID-19 тестларини етказиб беришни ва даволаниш учун дори-дармон сотиб олишни режалаштирган.

Дастур вакилининг айтишича, ушбу мақсадлар белгиланган 13 октябрь санасидаги ҳужжат ҳали ҳам муҳокамадаги қоралама бўлиб, у якунига етгунга қадар ҳужжат мазмуни ҳақида изоҳ беришнинг иложи йўқ. Ҳужжат шу ой охирида Римда G20 саммити олдидан жаҳон етакчиларига тақдим этилади.

Дастур доирасида G20 ва бошқа давлатлардан 2022 йил сентябригача 22,8 миллиард доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратилиши сўралган. Бу маблағ камбағал давлатларга эмлаш, дори-дармонлар ва тестларни сотиб олиш ва тарқатиш ҳамда бой ва кам ривожланган давлатлар ўртасидаги катта бўшлиқларни камайтириш учун сарфланади.