Лукашенко Белорус Россия билан ягона ҳарбий базага айланиши мумкинлигини айтди

Белорус раҳбари Александр Лукашенко CNN телеканалига берган интервьюсида Ғарбнинг Беларусга нисбатан сиёсатининг номувофиқлиги ва аҳмоқоналигини таъкидлади, дея хабар беради Белорус ахборот нашри БелТА.

Президентга Беларус ҳудудига Россия ҳарбий объектлари жойлаштирилиши ва мамлакат Россиянинг ғарбдаги форпостига айланиши эҳтимоллиги ҳақида савол берилди.

“Агар сиз Беларус Россиянинг ғарбий форпостига айланиши мумкинлигидан жуда қўрқсангиз, унда нега бу аҳмоқона, ақлсиз сиёсатни юритасиз? Нега бизни Россиянинг форпостига айлантиряпсиз? Бу биринчидан”, – деди Александр Лукашенко.

“Биз бу ғарбий йўналишда ягона армия яратдик. Буни яширмаймиз. Россия Қуролли Кучлари бизни қўллаб-қувватлайди. Мен сизни қўрқитмаяпман, фақат биз доимо таъкидлайдиган нарсаларни сизга эслатяпман”.

“Базаларга келсак. Сиз умуман мени ҳайратда қолдиряпсиз. Сиз ёки НАТО бизда қайси хорижий давлатларнинг базалари борлигини билмайдими? Бизда ҳеч қандай давлатнинг базаси йўқ, шу жумладан Россиянинг ҳам. Иккита фуқаролик базаларидан ташқари”, – деди Александр Лукашенко. “Биттаси сизнинг ҳудудингиздан (ғарбдан) ядровий ракеталар учирилишини эртароқ аниқлаш учун Совет даврида қурилган база. Иккинчиси таянч база бўлиб, бу Россия Қуролли Кучлари Анлантикадаги ўз флоти билан алоқа қиладиган база. Ҳаммаси (бўлиб) шу базалар (бор). (Уларда) биздан 30-40 киши хизмат қиляпти. (Базалардаги ҳарбийларнинг) икки ёки уч (нафари) рус зобитлари, қолганлари бизнинг ҳарбий хизматчилар. Бу ерда бошқа базалар йўқ”.

“Аммо, Метю, … мен буни айтишдан қўрқмайман. Агар керак бўлса, Беларус Россия ва Беларус (ҳамкорлигидаги) ягона базага айланади. Ҳарбий базага. Сиз томондан тўсатдан уюштирилиши мумкин бўлган тажовузкорликка қарши туриш учун. Буни аниқ тушуниб олинг”, – деб огоҳлантирди давлат раҳбари.