Оиласида меҳр кўрмаган болаларда компьютер ўйинларига ружу қўйиш кўпроқ учрайди

Дон давлат техник университети ва Қрим федерал университети илмий ходимларининг ўтказган тадқиқотларига кўра, оиласида меҳр ва эътибор етарлича бўлмаган болалар ва ўсмирлар орасида компьютер ўйинларига ружу қўйиш кўпроқ учрайди.

Бундай оилаларда одатда ота-она ўз иши билан ёки ўзи билан ўзи овора бўлиб, боланинг ўқиш натижаларини номига сўраб қўйиш билангина чекланади. Шундай қилиб гаджет боланинг дўсти ва доимий ҳамроҳига айланиб қолади.

Психологлар ҳам очиқ мулоқот ва самимият бўлмаган, гипер назорат ўрнатилган оилалардаги болаларда ўзига ишонч сустлиги ва ҳамма нарсадан кўнгил совуши ҳолатларининг кўп учрашини таъкидламоқдалар. Реал ҳаётдаги омадсизликлар, ота-онанинг лоқайдлиги, эътиборсизлик ва меҳрсизлик туфайли тобора кўпроқ болалар ва ўсмирлар виртуал ҳаётга қочмоқдалар.