Қариндошлар ўртасида энг кўп никоҳ тузиш ҳолатлари қайси вилоятларда қайд этилди?

Жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, шундан 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 172 нафари тоғавачча, 114 нафари амакивачча ва 104 нафари аммавачча ҳисобланади.

Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар:

Сурхондарё (268 та);

Қашқадарё (179 та);

Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.

Мутахассисларнинг фикрича, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ туфайли туғилган чақалоқлар кўпинча турли ирсий касалликлар билан дунёга келади. Қолаверса, бундай никоҳ натижасида бола туғма нуқсонлар билан туғилиши, ақлий ўсиши ёки жисмоний ривожланишида салбий ҳолатлар кузатилиши аниқланган.

Айниқса, эрта никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, авваламбор, ота-оналар эътиборли бўлишлари зарур.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, кейинги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналар ва болалар ўртасида турли касаллик ҳамда ўлим ҳолатларининг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, авваллари ҳомиладор аёлларимиз ультратовуш текшируви билан 40-50 фоиз қамраб олинган бўлса, айни пайтда юртимиздаги барча ҳомиладор аёллар 100 фоиз скрининг текшируви билан қамраб олинмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда тиббий-генетика хизматини янада ривожлантириш, скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг бирламчи профилактикасини кучайтириш мақсадида ҳудудий скрининг марказларида цитогенетик лабораториялар ташкил этилди.

Бундай муҳим чора-тадбирлар туфайли оналар ва болалар саломатлик кўрсаткичини янада яхшилаш ва аҳоли тиббий-ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга эришилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.