Яманда иқтисодиёт қулаши фонида зўравонлик кучаймоқда

Яман иқтисодиёти қуламоқда, гуманитар инқироз эса жиддийлашмоқда. Араб дунёсининг энг қашшоқ давлатидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда.

Бу ҳақида БМТ Бош котиби ёрдамчиси Рамеш Ражасингам Хавфсизлик Кенгашида бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, 20 миллиондан ортиқ яманлик – аҳолининг учдан икки қисми гуманитар ёрдамга муҳтож, аммо ёрдам кўрсатиш агентликлари “яна бир бор маблағсиз қолишмоқда”.

Ҳозирда ёрдам агентликлари бутун мамлакат бўйлаб қарийб 13 миллион кишига кўмак кўрсатмоқда, “бу бир неча ой аввалгидан 3 миллионга кўп” дейди Ражасингам.

Аммо унинг огоҳлантиришича, ёрдам агентликларининг шу ҳолатда давом этишлари учун етарли маблағ йўқ ва “келгуси ҳафталар ёки ойларда озиқ-овқат ёрдами камайиши” ва “йил охиригача ёрдамга мухтож одамлар сони 5 миллион кишига етиши мумкин”.

Бундан ташқари, у Яманнинг иқтисодий инқирози “мамлакатдаги эҳтиёжларнинг кўпини қондиролмай, очлик хавфини келтириб чиқармоқда” деб таъкидлади.

Ражасингам мамлакат иқтисодий инқирозини тўхтатиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди. Унинг фикрича, Марказий банкда валюта операцияларини қайта йўлга қўйиш, шунингдек, барча портларни тўлиқ очиш, Ходейда ва Салифдаги импорт чекловларини олиб ташлаш ҳамда давлат хизматчиларининг иш ҳақини тўлаш керак.