ҲЕЧ

Murod CHOVUSH

(Биринчи қисм)

 Ҳечимиз ҳечидан ҳеч кам йўқдир,
Ҳеч ҳечимиз ҳечидан ҳеч ғам йўқдир,
Танда жандадурур,  анда гўристон
Эртан ўлсак бизга ҳеч мотам йўқдир.

Баҳоуддин Нақшбанд

Метрога кирдим. Поезд кутаяпман. Ёнимда йигит ва қиз. Қиз менга қараб қўйди. Ўхшатди, шекилли. Бепарво назар билан улар томон кўз ташлаб қўйдим. Йигит қаттиқ эслаб қолмоқчидай бошимдан оёғимгача кузатди. Поезд кела бошлади. Мен улардан етти-саккиз қадам узоқлашдим. Вагонга чиқдим. “Нима ҳақда ўйласам яхши бўлади”. “Ҳеч нарса ҳақида” — ўзимга-ўзим жавоб бердим. Ичимдан бутун ўй-фикр, хаёлларимни қувиб чиқармоқчиман, чоғи. “Бунақа бўлмайди”. Кейин метрони мусиқа кошонасига, юриб кетаётган поездни куйга, унинг ичидаги йўловчиларни яхлит бир қўшиққа  ўхшатдим. Аммо ўзимни қўшиқ деб ҳисобламадим. “Мен тингловчиман”. Поезд “Пахтакор” бекатига келиб тўхтади. “Куй тўхтади”. Мен вагондан тушдим. Кўчага чиқдим. Консерватория томон юра бошладим. Босган қадамимни санай кетдим. Шундагина ўйлашдан озгина вақт қутуламан. Юриб кетяпман. “Бир, икки, уч, … етмиш, … етмиш саккиз…”, санаб боряпман. Саксон саккизинчи қадам босилганда сезиб қолдим. Ёмғир шитир-шитирини, совуқ шамол эсишини эшитиб бораётган эканман. Шу онда йиғлагим келди. Зерикаётганлигим эсимга тушди. “Мен буюк зерикувчи”. Масалан, чоллар зериккандан чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Ўлимнинг келмай қолишини ҳақиқий мўъжиза деб ўйлашади ва бу мўъжизага ишонишмайди. Мен зерикканимдан ухлайман, ухлайвераман. Ўн беш, ҳатто йигирма соат тинмасдан ухлашим мумкин. Уйқуни ҳақиқий мўъжиза деб атаса бўлади.

Ушбу дақиқаларни эслаб қолишим керак, айниқса, ҳисни — ичимда худди қирда югуриб кетаётган беғубор болага ўхшаш, аммо йиғлоқи, шунга қарамай, мени олдинга — келажак сари ундайди, бу келажак қанақа тусда — ўринсиз савол, ҳар ҳолда, айтгандай, мен эртанги кунимни билишни истайман, кечаги кунимни боя ўйлаганимдек зерикиш жабҳасининг бир кўриниши каби қабул қиламан ёки қабул қилмайман, акс ҳолда нима учун яшаётганлигим сабабини ва яшашдан мақсад нима деган дангал саволни ўзимга минг бора бериб ва ўзимни бу муқаддас савол олдида минг бора тиз чўктирганимда ҳам ҳис мени узоқ-узоқларга.., ҳар ҳолда ичимда у билан қувалаш ўйнамайман, зотан дейдилар ёки демайдилар, десалар ҳам ҳис-табиатники дейдилар, секинроқ, тангри эшитмасин, ҳа, бу гап, Абдуҳолиқ Қалқонга тегишли —  ияги узун, қирра бурун, чунки ҳис-табиатники ичимизга тўсатдан кириб қолган ёки ичимизга кириб олиши вазифасими, буни мен ҳозирча билмайман, агар мабодо билиб қолсам, албатта, ҳали ёзиладиган китобимга қўшиб қўяман, зеро билишсин, Абдуҳолиқ Қалқон қанақа одамлигини, у — дангал, керак бўлса тангри билан ҳам яккама-якка, бухороча курашга туша олади, билингки, у уни дуэлга чақириши мумкин, фақат унинг, яъни А.Қалқоннинг жаҳли чиқса бўлди, жаҳл чиқди — ақл кетди, дейдилар, англашилмовчилик, мен шундай ўйламасамда А.Қалқон айнан шундай фикрни ўртага, яъни унинг ўйлаши бўйича биз “сентиментал каллалар“ худди оч қолган итлар туфроққа қоришган ва иссиқдан ҳамда яланавериб қуриб қолган суякни бояги оч қолган ит ёки итлар ялаган мисол ҳалиги фикрни Қалқон яна ва яна такрорлайди, худди бизнинг қулоғимиз кардек овозини сал кўтариб, лекин кўзини биздан олиб қочиб, гўёки биз уни англамаймиз, ҳатто тушунмаймиз, у шундай ўйлайди, балки ўйламас, билмадим.

Абдуҳолиқ Қалқонга айтдим: “Юринг, кетдик, концертга”. Унамади; иягини олдинга чўзиб, чапга-ўнгга қимирлатди ва пиво ичишни давом эттирди. “Тушунарли” дедим ичимда. “Кайфият йўқ” бу гапни унга айтиб ичимда ҳам такрорладим. А.Қалқон яна индамади. “Тезроқ мендан қутулишни истаяпти”. Ёки аксинча пиво ичишда шеригидан маҳрум бўлишни хоҳламади. Кейин А.Қалқон чўнтагидан тамаки олиб чека бошлади; сигарет тутунини уч-тўрт марта ичига тортиб чиқаргандан сўнг гапирди: “Э, нима бор ўша симфонияга, қуруқ ҳислар одамни ичига киргани қолади, фойдаси йўқ, қуруққа ўзингизни алдаб келасиз, жаноб, мусиқа одамнинг душманларидан бири ҳисобланади. Биз уни қандай бўлса шундайлигича англай олмаймиз: мисол учун Бетховен мусиқасини ёзаётганида гап нима ҳақида кетаётганлигини билган, биз эса унинг мусиқасини эшитиб, ҳар хил ҳолатга тушамиз. Балки шундандир-а ҳамма бало, а, нима дейсиз?” “Худди шундай, жаноб Калкановский” дедим. “Биласизми, ожизлик қабул қилишда ким қандай қабул қилишида, бизнинг миллат қандай қабул қилишини ўрганганмисиз?;. “Нимани қандай қабул қилишини, Калкановский?”. “Ўзим ҳам билмайман”, унинг бу мавзуда гапиргиси келмади, чоғи. “Борсангиз, қани, тезроқ боринг, хуллас, тезроқ бу ердан кетинг”. Абдуҳолиқ Қалқон мийиғида кулиб ўнг панжасини “хайр” деган мисоли қимирлатди. Мен ўрнимдан турдим. Хурсанд эдим; ўзим, якка-ёлғиз ўзим концертга боряпман.

Кейин тўқсон бир деб, тўқсон иккинчи қадамни ҳисобга қўшиб қўяман, бутун эътиборимни оёғимга жалб этмоқдаман, акс ҳолда мен яна ўйлай бошлашимга тўғри келади, зеро ўйлашни одамнинг ўзи  ишлаб чиқарганми ёки тангри бир куни, яъни қачондир бир нимадандир хурсанд бўлган ҳолат пайти чексиз меҳри жўшиб-тошиб кетганиданми, ўйлаш функциясини “мана, бу, сенга мендан тортиқ” деб, одам “йўқ, раҳмат илтифотингиз учун, менга бу —  керакмас” деса-да, мажбурлаб калласига нозиккина симчаларни — томирларни бир-бирига улаб, уёқдан-буёққа айлантириб, кейин юрак томонга қаратиб тортиб қўйган-у, “энди бор, ишингни қил” деган мазмунда ўзи ҳаю-ҳулаб бандаси олдидан қочиб кетгандек, банда то ўйлашни бошлагунча у узоқларга — масалан, борлиқдан ташқарига чиқиб  улгурган заҳоти  ақл пайдо бўлиб ”бундай эрк менга керак эмас” деса, юрак йиғлай бошлаган заҳоти қалб ихтиро қилинган, аввали зерикиш илми етти-ёт бегона ҳисобланган, ажаб.

Мен консерваторияга яқинлашиб боряпман. ”Мен хоҳлардимки — у томон юришим ҳеч тугамаса, яъни қадам ташлаб бораверсам-у, аммо-лекин, консерваторияга етиб келмасам, юраверсам, юраверсам, йўл тугамаса, йўлнинг охири кўринмаса, худди, тушдагидай ёки хаёлдагидай, бироқ одам ўнгида бўладигандай эмас, айтмоқчи, кеча туш кўрдим; чўл ўртасида эканман, тўрт ёғи чексиз, осмон тўла виж-виж турналар эмиш, мен нуқул йиғлармишман ва турналарни осмондан ҳайдаган мисол, улар томон кесак отармишман, Абдухолиқ”.

“Сиз жинни бўлиб қолмадингизми?” А.Қалқон яна сигарет тутатади. Стол устида бўш шишалар. Официант қиз стол устидаги бўш шишаларни олиб кетиши керак. Бизнинг ароқ ичгимиз келяпти. Пиводан тўйдик, чоғи. Ҳа, яна шашлик буюрмоқчи биз. Кейин озроқ жимлик керак.

“Нега концертга кирмасдан қайтиб келдингиз? Кириш ёқмадими?”. “Икки соат кечикиб бошланар экан”. “Консерваторияда ҳам тартиб йўқ”. ”Шундай”. “Сиз нима учун бугун бошқачасиз?”. ”Қанақасига?”. ”Ароқни сузинг”. ”Чарчадим”. ”Нимадан?”. ”Ўзимдан”. ”Қани олдик”. ”Хотинингизни яхши кўрасизми?”. ”Йўқ”. ”Нима учун?”. ”Нима керак яхши кўриб”. ”Тўғри”. ”Хотин зотини яхши кўриш учун учин-чи бир бизга ўхшаган жонзот бўлиши керак эди”. ”Тушунмадим, йўқ, тушундим”. ”Шундагина рақобат бўларди ва биз яъни эркак-инсоният, мен аёл зотини чинакам яхши кўришга ва улар бизни шу аснода яхши кўришларини хоҳлар эдик”. ”Зўрми”. ”Даҳшат”. ”Ичамизми?”. ”Ичамиз”. “Аёлдан қочиш керак, қочган жойимиз эса — аёлгача”. ”Ҳалиги учинчи тур жонзот бўлса эди, ўшалар томон қочар эдик”. “Ҳа-ҳа-ҳа”. “Ҳи-ҳи-ҳи”. ”Яхши ҳамки йўқ”. ”Ҳаётнинг қизиғи шунда-да”. “Ҳа”. ”Қани олдик”. ”Мен ҳам концертга борсам-ми?”. ”Йўқ-йўқ”. ”Нимага?”. “Нима қиласиз бориб, вақтингиз бекор ўтгани қолади”. ”Қанақасига бекор, шундоқ ҳам бекор ўтмоқда”. ”Ўзиш керак”. “Ўзиш керак”. ”Абдухолиқ, худди ҳамма нарса ёзилиб бўлганга ўхшайди”. ”Қанақасига?”. ”Ўқи ёзгим келади, ёзмайман, ҳар куни эртага қолдиравераман, бу ишни”. ”Ўзишдан мақсад ҳам шу-да”. ”Тўғри, мақсад бор — демак биз ҳам яшашга ҳақлимиз”. ”Албатта”. ”Абдуҳолиқ, мавжудийлик кинога кўчди, ўша учун ёзиш тобора қийинлашиб бораётгандай?”. ”Жараён, жараённи тўхтатиб бўлмайди”. ”Демак, шундай ёзиш керак-ки, китобни кинога кўчириб бўлмасин”. ”Санъат — санъат учун демоқчимисиз?”. ”Гап шундаки, ҳаракатни тўхтатиб бўлмайди”. ”Қайси ҳаракатни, қани у, қаерда, қанақа тусда у — ҳаракат?”. ”Ҳамма бало шунда-да?”. ”Биз бугун билан келиша олмаймиз — ҳаракатми шу?”. ”Бугун деганда нимани назарда тутяпсиз?”. “Ўзингиз мендан яхшироқ биласиз — нимани назарда тутаётганимни”. ”Айтмоқчисиз-ки, биз — заифмиз, замон билан келиша олмаймиз, ёки келишишни хоҳламаймиз”, ”Ҳа, йўқ, Абдухолиқ, гўё замон бизнинг измимиздан юрмаяпти, хоҳлаймизки, нима десам, жамият шу гапни инобатга олсин ҳам демоқчи эмасман, мен бу ғалаённи истамайман, гап шундаки, ҳаракатдан тўхтаб қолиб, бир четда уни кузатишни хоҳлайман”, ”Абдуҳолиқ, мен кетдим, қаерга, концертга-да, сиз бемалол ўтираверинг, зўр-ку, ҳеч ким ҳалақит бермайди, яна ёлғиз ўзингиз билан жанг қилиб, нима, маст эмасман-ким айтди- ўзингиз ўзингизга мени маст бўлиб қолди деб айтди, ҳа, сотқин, ҳечам, ўзим бораман, мен билан боришнинг ҳожати йўқ, нима, қаерга, уйга кетасиз. Йўқ, ҳали жойингиздан қимирламай ўтиринг, мен қайтиб келаман, ана кўрасиз. Бир қучоқ мусиқа кўтариб келаман, э шошманг, ўтиринг, жойингизга, айтганча, Калкановский, болалигимда биринчи раҳбарларнинг ўлишини хўп кутардим, нимага, э, нимага, ҳа, топдим, масалан, Брежнев ўлганда, нимаси қизиқ, қанақасига нимаси қизиқ, у тобутда ётар эди, албатта, ўлик ҳолатда қимирламасдан, гўё ўликлик бурчини сидқидилдан, гўё партия топшириғини бажараётгандай. Қимирламасдан, тинч, осуда ва ғамгин уйқуда ширин ухлаб ётарди, телевизорда-да, э, гаранг, шундаги мусиқа менга ёқарди, то қабргача чалинган мусиқанинг шайдоси эдим. Кейин бошқа бир биринчи раҳбарнинг қачон ўлишини кутардим, ўша ғамгин мусиқаларни соғинар эдим, чунки, ўзим ҳам билмайман, кейин Андропов ўлганда хўп маза қилувдим, ўшанда мусиқани калламга сингдириб олишга, тушунмадим, нимасини тушунмайсиз, калламга жойлаштирганман, унда, эртага — катта бўлсам керак бўлиб қоладигандай, асқотадигандай, қачонки вақт келади уни ишлатаман, нимага қандай қилиб ишлатаман, билмайман, Абдуҳолиқ, сиз тушундингизми, ўзим ҳам тушунмадим, ҳақиқатдан мастман, шу ҳолатимда қотиб қолишни истар эдим, фикр тўхтаб қолса, юрак музлаб қолса-а, кўзим пирпирамаса, кетдим, келаман, ҳа, кутинг, кутмангмас, ўтираверинг — ичиб”.

… яқинлашиб боряпман. Бир юз учинчи қадам: илон пўст ташлагандай, одам кўйлагини ечгандай, дарахт барги чангини ёмғир ювиб кетгандай, кимдир-кимнидир тарк этгандай, оғиздан чиққан товуш ҳавода йўқолгандай, шу каби. Мен орқага қайтолмагандай, олдинга қараб юрсамда, яқилашиб келсамда, келиб бинога кирсамда-кирмасамда, онангни егир, худди ҳеч нарса ўзгармагандай, маст бўлсамда-бўлмасамда.

“Калкановский, яна қайтиб келдим, қандайсиз энди, ҳорманг, а, кириш ёқмади, киргим келмади, концерт бўляптими ўзи, албатта-да, ў, сиз мендан анча илгарилаб кетибсиз-ку, қани сузинг,  сизга етиб олай”. “Мусиқа қутқара олмаслигини билдингизми?” “Билдим”. “Гўрга тиқишини ҳам билдингизми”. “Билдим”. “Тириклай ҳаёт гўрига тиқилишни назарда тутяпман”. “Демак, мен тирик ўликман”. “Ҳа”. “Қандай тирилса бўлади”. “Гап шундаки — тирилиб бўлмайди”. “Одам ўлади — демак тирилади”. “Бу сизнинг қарашингиз, шундайми”. “Йўқ, алжирашим”.

Бир юз ўн тўққизинчи қадам; “биз абадий Қоя ташувчилармиз”, унга ҳар замон янги фикр қўшиб қўямиз, гоҳида Қояга қарши — уни елкамизда — бошимизда кўтариб, то яна янги ва бўм-бўш каллага олиб боргунимизча, ғалаён қилиб ҳам турамиз — бош кўтарамиз, янги фикр келади. Фикр кенгайиб бораверади, ер шаридан ҳам анча кенгайиб кетади, у ойга қўнди, ҳозирча ойни забт этди, кейинроқ Марсни эгаллаб олади, шу сайин иш давом этади. Улкан ғоя ичида фикр кенгайиб кетаверади. Биз ғоя хизматчилари, содиқ қуллари, мен негадир қул бўлишдан чарчадим, албатта, бу заифлик, агар безиш заифлик бўлса ёки онгсизлик-ми, менинг каллам қандай қабул қилишидами — англашидами, атрофни ва менгача бўлган ўзича ҳамманинг ихтиёрисиз, ҳамманинг ўзаро келишувисиз, бироқ ҳамманинг онгсиз равишда ғояни билиб-билмай ташиб келаётганидан маъно қидиргандек Диоген, худди, онангни егир, мен ҳар куни ўзимга “эртадан сигарет чекишни ташлайман” дегандек, қачондир ўлиб кетган, мен ҳозир — тирик, ҳали туғилажак ўзимга ҳар куни айтдим — айтаман “бўлди, бас, яшасин ҳурлик — йўқолсин ғоя, яшасин бўйсунмас фикр”, лекин бу фикр ажойиб ва кўзга кўринмас Хизр ҳассаси каби таянч бўла оладими?

Бир юз йигирма биринчи қадам. Орқага қайтишнинг иложи йўқ. Нега? Чунки, мен шуни хоҳлайман — биламан, ажойиб — кўнглимни кўтарадиган, менга ишонч берадиган, эртага яшашимга эрмак бўладиган воқеа бугун бўладиган — ҳозирча ноаниқ, кўнгил сезган, интиқ, сезгиларим қаттиқроқ ўз кучидан ҳам кўпроқ ва тезроқ ишламоқда-ки, маст бўлсамда ичимда ҳаяжон чуқур ботиб худди илонга ўхшаб оғзим томон ўрмалаб келяпти, бошим айланяпти. Қайт қилгим келяпти.

Мен уйғонганимда (ҳали кўзимни очмай, қаерда эканлигимни аввало англаб олиш учун ҳаракат қилдим) атроф қоронғу, ўнқир-чўнқир тепаликчалар ерга ётиб олиб писиб турган пойлоқчи одамларни эслатди. Қўрқиб кетдим, мени кимлардир номаълум далага ташлаб кетишганга ўхшарди. Майса ўсиб чиққан дўнгликни қучоқлаб ухлаб қолган эканман, бошимни кўтарсам қабртошга кўзим тушди, билдимки, бу жой — қабристон, сигарет чекким келди, гугурт ёқдим, ёриғида қабртошдаги ёзувни ўқидим.

ОЙХОН УСМОН қизи 1978. 13. V. — 2002 16.V.

“Эҳ, бечора”  дедим. Ойхон билан гаплашгим келди. Уни чақира бошладим.  “Ойхон, эй, Ойхон, уйғонинг, чиқинг, қабрдан”. Қабр ичидан “лаббай” деган овоз-сўз чиқди. “Ойхонмисиз?”. Демак, Ойхон “ҳа” деди. “Ойхон, чиқинг, Сиз билан гаплашгим келяпти”. “Нима ҳақда” овоз эшитилди, кейин “ҳозир чиқаман” деб чиқди. Ўнг қўлини менга томон узатди, кўришдик. Икков ҳам унинг қабри устида ўтирдик. Ойхоннинг кўзига қарадим, у меникига: мен ўртамиздаги жарлик — у ўлгани, мен — тириклигим, мувофиқсизлик фикримизни моддийлаштиришга улкан ҳалақит берибгина қолмасдан, икковни яқинлаштириб қўяди, бир-биримиздан ҳеч қачон айрилмайдигандек, аммо биламиз, учрашувимизнинг ўзида ҳам айрилиқ, ҳам висол бор, бу албатта, хоҳишимизга боғлиқ, хоҳиш одамни, инсониятни бошқарадиган кўринмас ҳайбатли кучга ўхшайди.

“Ойхон нега ўлгансиз?”.

“Ўзимни ўлдирганман”.

“Нима сабаб, қандай журъат қилдингиз?”.

“Ўзимни ёққанман”.

“Гапириб беринг”.

“Бу ҳақда гапиргим келмайди. Айтганча, исмингиз нима?”.

“Денгиз”.

“Денгиз, ажойиб исм, ким қўйган?”.

“Момом қўйган”.

“Момонгиз ҳаётми-ла?”.

“Қизиқ савол. Ҳаёт, нима у?”.

“Денгиз ака, шундай чақирсам майлими, сизни?”.

“Денгиз деяверинг”.

“Қабристонда нима қилиб юрибсиз?”.

“Сизни кўргани келдим”.

“Алдаманг”.

“Маст ҳолатда келиб қолибман, эсимда бори консерваторияга кетаётувдим, унгача ўн беш-йигирма қадам қолувди. Бу ёғи эсимда йўқ”.

“Кўп ичган экансиз”.

“Ҳа”.

“Нега ичасиз? Илтимос бошқа ичманг”.

“Сизга нима”.

“Барибир, ичманг. Ваъда берасизми?”.

“Йўқ. Менинг ҳам ўлгим келяпти. Сизга маза”.

“Нимаси маза, зерикарли”.

“Бу ерда ҳам зерикарлими?!”.

“Нега ўлгингиз келади?”

“Ўлмоқ ёмонми?”.

“Йўқ”.

“Маъно бўлиши шартми?”.

“Албатта”.

“Маъно — нима у?”.

Маъно, Денгиз, у — эртага, ҳаётга — кунга қадам қўйиш, эрта учун яшамоқ. Аммо бугуннинг ўтиши қийин, эртанги кун — бугуннинг эрмаги, эрмаги ҳам эмас, умиди.

“Бас. Эртага яна Бугун келяпти. Қани маъно?”.

“Бу ўзингизга боғлиқ. Одамнинг ўзи тақдирини яратади”.

Менинг ичимни бўм-бўшлик қоплаб олган, пуч ёнғоққа ўхшайди. Уни нима билан тўлдиришни билмайман. Менда қарор йўқ. Фикр муқим турмайди. Ҳаёт менда вазифасини бажариб бўлгандай. У ичимда эскириб қолгандай. Ҳар куни бир кун такрорланади. Вақт ўтади. Ниманидир йўқотаётгандай бўлавераман. Йўқотаётган нарсам умрим эмас, вақт ҳам эмас. Нима унда? Ишга бораман — уйга қайтаман. Бунинг ичида ҳаёт яшайди. Мен ғоянинг исботи учун яшаётгандайман. Тангрининг борлигини исботлаш учун яшашга маҳкумдаймиз. Шуни биламан: менинг ҳаётим забт этилган, унинг ҳар бир қаричини бугун эгаллаб олган. Йўқотаётган нарсамни билгандирсиз, у — эрта, кундан-кун, йилдан-йил ўтган сайин эртамни йўқота боряпман.

SHARE