Қайси ном қулай? (Ҳангомача)

Zahiriddin Bobur

Туриб-туриб, дилбузарда айланаётган ашулаларни эшитиб-эшитиб, менам бир қўшиқ айтсамми, деб қолдим. Ўзи овозим жа зўрмасу, лекин ану кампютерми, нимададир тўғрилаворса бўлади. Бияғи праблемамас. Аснавнойси, қандай номда куйлашим. Группа бўлаймикан ёки ўзим битта зўр, тахаллус дейдими, шундан топиб, қўшиқ айтсаммикан? Маши праблема.

Ану ТВМ деган каналда ҳар куни ашула беради. Атайдан бир кун шу канални томоша қилдим. Группаларимиз расаям кўпакан. Ашулачилар унданам ошиб-тошиб ётибдикан. Битта ошнам табиатдан олгин номни, деганди. Шуни ўйлаб, “дарё” деб ном танламоқчи бўлувдим. Қарасам, Шуҳрат Дарё деган ашулачимиз бор экан. “Соҳил”, “Уммон”, “Саҳро” деган гуруҳларимизам боракан. Менга “Денгиз”, “Ариқ”, “Чўл” деган вариантлар қолди. Ёқмади лекин.

“Манго” деган гуруҳни эшитиб қолдим. “Апельсин”ми, “Беҳи” дебми, ном танламоқчийдим. “Итузум” ҳам оригинал чиқувди. Ошнам сал тузукроғидан топ, деди. Ростданам мевалардан ном танлагим келмади.

“Элдидо” деган группани кўриб қолиб, маъносини тушунмасамам, жой номи бўлса керак дедим-да, қишлоғим отини қўймоқчи ҳам бўлдим. “Алмичурин” ёки “Тешиктоший” деган вариантларам келди хаёлимга. Ошнамнинг ақли шейда ишлаб қолди. Улуғ авлиёларимиз ранжиб қолиши мумкин эканмиш. Шу учун бу версияям ўлди.

Ўйлаб қарасам, ҳайвонлардан гуруҳ номи йўғакан-эй. Бирам хурсанд бўп кетдим. Ошнам билан маслаҳатлашиб, уйимдаги сигиримга бағишлаб, “Ойтовоқ” деб номлашга аҳд қилдик. Энди қанақа мавзуда ашула айтиш қолди. Ёшимиз катта бўлгани учун 80-йилларда мўда бўлган стилда айтмоқчийдим, “Клёш” деган қўшиқ айтиб қўйишибди. Табиат қўйнидан мавзу истадим кейин. Чўлда айтилган қўшиқларимиз сероб экан. Биттасида чўлга пианина обчиқволишибди даже. Бир занғар ҳеч бало йўқ чўлда анор еб юрибди. Бу қайси бола экан десам, ошнам айтиб қолди: ану 3-4та қўшиқчини клипида ўйнатган артис экан. Чўл бўлмади, хуллас.

Ўрмон танладим. Бирорта қўриқхонада оларман десам, уже ўрмондаям клип оббўлишганакан. Лўла деган қўшиқчи дарахтларга суйкалиб, ерларга ётволиб, ашула айтибди. Бу қайси артис десам, бир канстер бензин кўтариб, тўйхонага борволиб, йўғ-е, битта мошинни ёқворадиган аёл экан. Буям отмен бўлди.

Зўр романтик фикр келувди. Ёмғирларда турволиб, башараларимга сувлар қуйиб, маза қилиб қўшиқ айтаман десам, бунақа ашула “ачиб” ётибдикан. Уффф! Хуллас, табиат мавзусининг ўзига отбой бердим.

Нима дерди, ошнамнинг айтишича, дидактик стилда айтсамми деб қолдим. Ҳаммага ақл ўргатадиган қўшиқлар бору, шунақа. Улуғбек деган одам “Каллангни ишлат” деб қўшиқ айтганини кўриб, мен айтолмайманми, деб ўйланиб қолдим. Айтганча, бу бола жа машҳурмиш. Ану европалик Энрикиддин билан дуэт айтганмиш.

Энг оригинал мавзу барибир севги экан. Севги ҳақида қўшиқ айтмаган одамнинг ўзи йўғакан-эй… Шунинг учун буям ўз-ўзидан отмен. Мафиозлар ҳақида айтмоқчи бўлдим. Жонпўлат боридию, шунақа бўлмоқчийдим. Бунақа қўшиқларимизам тиқилиб кетибди, ўзларига ярашмасаям. Халқ қўшиқларини-ку вабше эгаллаволишибди.

Кароче, охири яна сигиримга қайтдим. Ҳайвонлар ҳақида, тем боле, сигирим ҳақида ҳеч ким куйламаган. Группам номиниям, қўшиғим номиниям сигиримга бағишлайдиган бўлдим. Ажўймас (ажабмас), болалаб, сутлари кўпайиб кетса.

Демак, эртадан ТВда “Ойтовоқ” гуруҳидан эксклузив (шунақа дермиди) қўшиқ ва клип айлана бошлайди. Номи — “Ойтовоғим — мой товоғим”. )))))

SHARE