Dunyoviylik: huquqmi yoki majburiyat?

Abu MUSLIM

Маълумки, Франция дунёвийлик (секуляризм) бўйича жаҳон чемпиони бўлиб, “дин давлатдан ажратилган” номинацияси бўйича деярли барча совринларни қўлга киритган. Ҳозир француз ҳукумати мазкур унвонни гўё ҳимоя қилаётганини кўрсатиб, ўз аёлига ниқоб кийдиргани учун марокашлик бир шахсга фуқаролик бермасликка қарор қилди. Аёллар ҳуқуқи ва жинслар тенглиги тамойилларига “кўз олайтираётган” янги фуқаролар Франция республикасига керак эмасмиш.
Балки, мен дунёвий инсонпарвар (гуманист), скептик ва антиклерикал сифатида Саркози ва Фийона шерикларининг қатъийлик ва изчилликларини тўла қўллаб-қувватлашим лозим эди. Аммо французлар ҳаддидан ошмоқда, деган туйғудан халос бўлиш мен учун қийин кечмоқда.
Фуқаролик олиш ниятидаги марокашлик йигит ҳақида матбуот деярли лом-мим демаяпти. Аммо унинг аёли француз экани маълум. Бу, инглизча сўзловчи дўстларимиз айтмоқчи, “makes a difference” – ўта нозик масаладир.
Оврупалик дунёвий киши учун ҳижоб, ниқоб ва паранжини танқид қилиш мажбурий бўлмаса-да, бу масалада уни камида чеклаб ташлашганини англаш муҳим. Бу тимсоллар танқиди бўлиб, унинг ортида Оврупа маданиятига зид бўлган маданият тизими борлигини билишимиз керак. Зид бўлиши бошқача эканлигида ҳам эмас, балки унинг баъзи тамойил ва амалиётини Европа ўзи бошидан ўтказган салбий тажрибада деб билишидадир.
Исломий жамоалар ушбу танқидларга эътироз билдириб, “хоҳлаганча яшаш” ҳуқуқини Ғарб поймол қилаётганини айтишмоқда. Бу эътирозларда тушунмовчилик ва озгина ўзини билмасликка олиш ҳам бор. Дунёвий Европа бундай “ҳуқуқ”ни ҳурмат эта олмаётганига сабаб, улар мусулмонлар нима исташини билишади, лекин муслималар нима исташини билмаётганидадир.
Истак – бу ёки у амалларга қаршилик йўқлигида эмас (қаршилик доим ўз имкониятларига қараб бўлади). Қачон бир-бирига зид нарсалар орасида танлаш имкони бўлса, истак онгли бўлади. Тан олиш керакки, мусулмон жамоатлари аёлларга танлаш ҳуқуқини камдан-кам беради… (муаллифнинг бу фикри ўта баҳсли – таржимон).
Аёл ҳуқуқи – бу ярим яланғоч кийиниш ва пардоз-андоз эмас. Ҳуқуқ – танлаш имкониятидан фойдаланишда ихтиёрийликдир: ярим яланғоч кийиниш ёки кийинмаслик, ҳижобга кириш ёки кирмаслик деганга ўхшаш… Бу ерда “тўғри” ва “хато” деган тўхтам йўқ: агар танлаётган шахс мамнун экан, унинг ҳар қанақасига танлаши ҳам тўғридир.
Дунёвийликни танлаган дунё мусулмонларнинг рўмолларини худди ҳуқуқсизлик тимсоли сифатида танқид қилади ва бу танқид далилга эга (муаллифга кўра – таржимон). Бу позиция секуляр дунёга муҳим қатъий изчиллик мажбуриятини юклайди. Марокашлик ва унинг аёли масаласида бу қатъий изчиллик издан чиқмоқда (яъни, бу ерда холислик йўқолмоқда. Қани танлаш ҳуқуқи? Қани ҳуррият? – таржимон)
Бу гаплар (Исломни танлаган) француз аёли ҳақидадир. Яъни, у шундай танлаш ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ва бунга кафолат берадиган мамлакатда дунёга келган. У эса ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, замонавий Оврупа маданияти аёлларга тақдим қилган бир қатор имкониятлардан воз кечди. У ўз фикридан қайтиш ҳуқуқига эга. Дунёвий давлат (унинг учун танлаб бера олмайди) фақат унинг танлаш ҳуқуқини ҳимоя қилиши мумкин ва ҳатто бунга мажбурдир ҳам.
Ҳуқуқ – ундан воз кечиш имконияти ҳам бўлиши керак. Овоз беришга ҳаққим бор, аммо буни истамайман ва овоз бермайман. Дам олишга ҳаққим бор, аммо мен ундан фойдаланмайман (ишлаш менинг жони-дилим). Кўчишга ҳаққим бор, аммо уйда тўнкага ўхшаб ўтиришни хоҳлайман. Мини-юбкада юришга ҳаққим бор, аммо мени бу ҳуқуқдан маҳрум қиладиган одам билан турмуш қураман. Айнан худди шундай тамойилни секуляризм бўйича жаҳон чемпиони бўлмиш Франция республикаси ҳимоя қилиши керак эди.
Акс ҳолда танлаш танлаш бўлмай қолади, исташ эса истак бўлмайди…

Муаллиф: Станислав МИНИН
Рус тилидан Абу МУСЛИМ таржимаси

SHARE