Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Мавлон ШУКУРЗОДА

Шермуҳаммадбек лашкарбоши ва укаси Нурмуҳаммадбек қўрбоши. Адана (Туркия), 1960 йил.

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларни сал кечроқ эшитардилар. Айрим янгиликларни Афғонистон радиоси орқали билиб олардилар. Бундан ташқари, Ватандан келган айрим ўзбеклар ҳам Ватанда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни гапириб берардилар. Уларнинг самимий суҳбатлари эрта тонгга қадар давом этарди. Шермуҳаммадбек она Ватанда бўлаётган воқеаларни диққат билан тинглардилар. ХХ асрнинг 30-йилларидаги очарчилик, кейин эса қатағонлар даврида ўзбекларнинг аянчли аҳволини эшитиб, Шермуҳаммадбек изтиробга тушардилар. Шермуҳаммадбек укаси билан Афғонистонда 1950 йилгача яшади, ундан кейин улар оиласи билан Покистон, Эрон, Сурия орқали Туркияга кўчиб ўтадилар.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

1950 йилда Шермуҳаммадбек ўз оиласи билан ва отам Нурмуҳаммадбек ўз оиласи билан Туркияга ўтиб кетиш мақсадида Покистонга йўл олдик. У ерда биз озроқ яшадик, бир кун Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларни Карочи шаҳрида жойлашган Туркиянинг Бош консули суҳбатга чақирди, бу суҳбатда мен ҳам қатнашдим. Бош консул оталаримизга мурожаат қилиб, Карочи шаҳри ва унинг ён атрофида вақтинча яшаб турган қозоқ, қирғиз ва бошқа туркийларни ҳам Туркияга боришликка даъват этишимизни сўради ва бу ишни ташкил этиш борасида тавсиялар берди. Қозоқ миллати вакилларининг раҳбарларини қидириб топдик, уларнинг Усмон Пошо деган катта раҳбари, Ҳамза Олчин исмли вазири, Адилхон исмли котиби бор экан. Уларни топиб, бор гапни етказдик, улар ҳам жуда хурсанд бўлиб, бу таклифни бажонидил қабул қилишди ва кўчиб ўтиш ҳаракатига тушдилар. Биз уларнинг барча ҳужжатларини тўплашга ёрдам бердик, пули озроқларга маблағ бериб, поезд билетларини ҳам сотиб олдик. Уларни барчасини Карочига олиб келдик, ҳаммаси бўлиб 57 кишига ўз ёнимиздан пул тўлаб, янги кийим-бош олиб бердик ва чипталарини қўлларига тутқазиб, Туркияга бориш учун поезд вагонларига ўтказдик.

Туркия, Адана шаҳри, 1955-1970 йилларда Шермуҳаммадбек ўз оиласи билан яшаган кўчанинг умумий кўриниши

Ўша куни Туркияга жами 1100 киши йўл олди. Йўлда кета туриб, бир киши вафот этди, бир чақалоқ туғилди… Туркияга етиб борганимизда, туркистонликлар асосан Адана, Истанбул, Измир шаҳарларига жойлаштирилди. Биз Адана шаҳрида қолдик. Қозоқ биродарларимиз билан Туркияда жуда иноқ яшадик, борди-келди қилардик. У ерда Туркистон жамиятини ташкил қилиб, барча туркистонликларни бирлаштира бошладик. Кейинги боришларимда эшитишимча, уларнинг айримлари ҳозирда мустақил Қозоғистонга кўчиб ўтишибди. Қолганлари ўша ерда ўз ҳаётини давом эттиришяпти. Бизга Туркия ҳукумати борганимиздан сўнг, оёққа тургунимизча 500 доллардан маблағ бериб турди. Ер беришди ва маҳаллий солиқлардан 5 йилгача озод қилишди. Болаларимиз мактабда ҳам университетларда ҳам текинга ўқишарди. Биз ҳаммамиз туркийлармиз, дея жуда яхши муносабатда бўлишган. Ҳалигача болаларимизни Туркияга юбориб ўқитамиз, чунки Америкада ўқитиш жуда қиммат. Туркияда кўп ўзбеклар ўқиб, жуда катта муваффакиятларга эришган, катта-катта олимлар етишиб чиққан. Ҳатто Аҳад Андижонга ўхшаган билимдонларимиз Туркияда давлат вазири сифатида ҳам фаолият юритган. Бундай мисоллар кўп…

Саодатхон Бек  хотираларидан:

1945 йилда мени ватандошимиз, Кобулда савдо билан шуғулланадиган бир инсофли кишига турмушга беришди. Турмуш ўртоғимнинг ишлари бироз юришмаган чоғда оиламиз Покистонга кўчиб ўтди. Биз беш йил отамдан айрилиқда яшадик. Бундан кейин аввалига амаким Нурмуҳаммад ва кейинчалик отам оиласи билан Покистоннинг Пешовар шаҳрига кўчиб ўтишди. Покистонда бироз яшагач, 1951йилнинг бошида амаким ва йил охирида отам оиласи билан Туркияга кўчишди. Мен оилам билан улардан кейин бир йилдан сўнг кўчиб ўтдик.

Туркия Бош вазирининг Шермуҳаммадбек билан Аданадаги учрашувлари

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек катта қўмондон, турк халқлари миллий истиқлол ҳаракати раҳбарларидан бири сифатида Туркияда жуда эъзозланади. Ўз Ватанидан кўра Туркияда у киши тўғрисида жуда кўп китоблар ёзилган ва илмий асарлар тайёрланган. Ўзбекистонликларга жуда яхши таниш олим Аҳмад Заки Валидийнинг “Бугунги турк эли. Туркистоннинг яқин тарихи”, Али Бадемчининг “1917-1934 йиллар. Туркистон миллий истиқлол ҳаракати. Қўрбошилар ва Анвар Пошо”, Шаҳобиддин Яссавийнинг “Туркистоннингаччиқ ҳақиқатлари” ва бошқа кўплаб асарларни айтишиммумкин. 1958 йилда Туркия Бош вазири Аднан Мендерс Адана шаҳрида бўлганларида, Шермуҳаммадбек амаким билан учрашганлар, мен у пайтлар ёш бўлиб, уларга таржимонлик қилгандим. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни истар эдим, айрим ёзувчи ва тарихчилар Шермуҳаммадбекка Туркия ҳукумати ер ва жой берган деб ёзади. Бу мутлақо нотўғри, кичик бир ҳовли-жойни ўзимиз сотиб олиб, қурганмиз. Уйимиз жуда оддий эди. Амакимиз бу ерларда кўпга келмаганмиз, яқинда мамлакатимиз албатта Мустақилликка эришади, биз барибир Ватанга қайтамиз, деб доимо таъкидлардилар. Шермуҳаммадбек жуда сипо одам бўлган, камтарин, ўзига зеб бермайдиган одам бўлган.

Туркия жумҳуриятининг собиқ бош вазири Аднан Мендерс

Самимий руҳда ўтган учрашув сўнггида Бош вазир жаноблари Шермуҳаммадбек амакимга эҳтиром ила Туркия ҳукумати сизнинг туркий халқларини озодлиги учун қилган хизматларингизни инобатга олиб, Анқара, Истанбул ёки хоҳлаган шаҳардан уй-жой, пенсия пули, автомобил ва ёрдамчи ҳарбий аскар ажратиш каби давлат таъминоти билан таъминлашга тайёр эканлиги тўғрисида сўз очганда, амакимиз Бош Вазир жанобларига миннатдорчилик билдириб, ҳамма нарсадан воз кечадилар. “Менинг Ватаним битта, у ҳам бўлса –Туркистон. Мен аминман, яқин йилларда у ерга қайтиб кетаман. Сизлардан фақат битта илтимосим бор, у ҳам бўлса Ватаним озод бўлгунга қадар шу ерда қолсам”, деб илтимос қилганлар, холос…. Шермуҳаммадбек амаким отамлар билан оддий уй қуриб, ўша ерда  вафот этгунларига қадар яшашган. Шермуҳаммадбек амаким меҳнатсевар инсон эдилар, тинч ўтирмасдилар, деҳқончилик қилардилар, хуллас нимаики топсак, ўртага қўйиб кун кечирганмиз. Оч-яланғоч қолмадик, эл қатори яшадик…

Саодатхон Бек хотираларидан:

Туркияда отамга муносабат жуда илиқ бўлди. Ҳукумат томонидан бир қанча имтиёзлар бермоқчи бўлдилар. Лекин отам бу нарсалардан ўзларини тийдилар, менга ҳеч нарса керак эмас, биз бу ерда вақтинчалик тургани келганмиз, яқинда Ватанимиз озод бўлса, биз албатта юртимизга қайтамиз,–деб рад этганлар. Биз Беклар авлодиданмиз, нима керак бўлса, ўзимиз топамиз деганлар. Отам фақат ойлик олишга кўндилар. Ўша ойликни тўплаб, кейинчалик уй-жой, бироз ер сотиб олинди. Отам деҳқончиликдан хабари бўлгани сабабли, шу иш билан оиласини боқди.

Саодатхон Бек Шермуҳаммадбек қизи, Адана, 2009 йил.

Отамиз Туркияда ҳам маишатга берилмай кун кечирдилар. Давлат томондан берилган ойлик маблағ кун кечириш учун етарли эди. Шу сабаб, бирор нарсага зор бўлмадилар. Туркияда ҳам туркистонлик мужоҳидлар тез-тез йиғилиб туришарди, Туркистон байроғини кўтариб, кўчаларда ҳам юришарди, барчаси Туркистон озодлигини исташарди, ёшларга она Ватан тўғрисида ўз хотираларини гапириб беришарди, биз жимгина тинглар эдик… Кейинчалик отамиз уйга боғланиб қолдилар, деҳқончилик билан шуғулланар, тоат-ибодат қилиб, Қуръон ўқирдилар. Тўй-маъракаларга кам борардилар. Аммо кўп ватандошларимиз отамиздан тез-тез хабар олиб туришар, Ватан тўғрисида гапириб беришни сўрашар, бундан у кишининг кўнгиллари чоғ бўларди.

Шермуҳаммадбек билан Анвар Пошо ораларидаги муносабат

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбекнинг дўсти, Муҳаммад Анвар Пошо.

Отамизнинг гапларига қараганда, Анвар Пошо у кишининг яқин дўсти ва маслакдоши бўлган. Уларнинг орасида самимий дўстлик алоқалари мавжуд эди. Ҳарбий соҳада Анвар Пошо ғоят катта тажрибага эга мутахассис эди. Анвар Пошонинг Бухоро заминига келиши босмачилик ҳаракатини яна бир бор тўлқинлантириб юборди, уларга куч ва мадад бўлди. Отамиз 1921 йилда Анвар Пошо билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликда қизилларга қарши кураш олиб бориш тўғрисида аҳднома тузишади ва қайноталари бошлиқ энг сара аскарларини Анвар Пошонинг армиясига жалб этади.

Бухоро, Хива ва Туркистон мужоҳидарини бирлаштиришни Анвар Пошо ўз зиммасига олади, лекин унга бу мақсадни амалга ошириш учун сал вақт етмайди. Бундан ташқари, Шарқий Бухорода Анвар Пошони ҳамма қўрбошилар ҳам хуш кўришмади, ўзларини мағрур тутишга ҳаракат қилишди. Лекин булар кўпчилик эмас эди. Отамизнинг ҳикоя қилишларича, халқ унга ишонди ва орқасидан эргашди. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, қисқа вақт ичида ўз орқасидан 10-20 минг кишини эргаштиришнинг ўзи бўлмайди-ку… Анвар Пошо туркий халқларнинг озодлиги учун курашди ва шу йўлда шаҳид бўлди, у ҳақиқий миллатпарвар ва довюрак инсон бўлган, деб Шермуҳаммадбек ўз дўсти ҳақида эслаб турарди.

Отамизнинг хотираларидан, ўша оловли йилларнинг бир куни, унга Шарқий Бухорода мужоҳидлик қилаётган қадрдон дўсти Анвар Пошодан мактуб келади, хатда у тезда ҳарбий ёрдамга муҳтож эканлигини баён этади. Шермуҳаммадбек биринчи навбатда унга ёрдам беришини англаб, укалари Нурмуҳаммадбекни 2000 аскари билан тезда Анвар Пошога ёрдамга юборади, сал вақт ўтмай ўзи ҳам ўша ерга отланади. Аммо ҳар қанча уринишмасин, иккала ака-ука ҳам Анвар Пошони қутқариб ололмайдилар. 1922 йилнинг ёзида, Балжувон деган қишлоққа яқин жойда катта кучга эга қизил аскарларга қаттиқ қаршилик қилиб, Анвар Пошо шаҳид бўладилар…

Муҳаммад Анвар Пошонинг Истанбулдаги қабри. Туркиялик ватандошларимиз Собир Сайҳон (ўнгда) ва Ҳақон Демир.

Туркистон ерларини келгинди босқинчилардан озод этиш йўлида шаҳид кетган яқин сафдоши ва дўстидан айрилиш Шермуҳаммадбек учун ниҳоятда оғир кечади. Шермуҳаммадбек ўз дўстининг ёрқин хотирасини ёдга олиб, етти кун аза тутиб, ғамга ботади… Айнан шу кунлари Туркистон узра қора булутлар баттар кўпая бошлайди… 1933 йилда Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбек оиласида ўғил туғилади, шунда ака-ука маслаҳат қилиб, унинг жонажон дўсти Анвар Пошони назарда тутиб, болага Муҳаммад Анвар деб исм қўйишади. Бу қўрбошилар оиласи номидан Анвар Пошога билдирилган самимий ҳурмат рамзи бўлиб қолди. Шермуҳаммадбек 12 йилдан кейин туғилган тўнғич неварасига эса Мадаминбек деб исм қўяди…

Саодатхон Бек хотираларидан:

Отамиз Анвар Пошо тўғрисида бизга жуда яхши гапларни айтар эдилар. У кишининг довюрак, миллатпарвар ва ишончли дўст сифатида таърифлар эдилар. У кишининг гапларига қараганда, ўша пайт Туркистон ва Бухорода жуда кўп туркиялик ҳарбий мутахассислар бор эди, лекин Анвар Пошо улар ичида энг донишманди ва туркистонликлар учун ҳаммадан кўп қайғурган, халқпарвар одам эди, деб таъкидлаганлар. Анвар Пошо билан боғлиқ яна бир воқеани гапириб берай: 1922 йилда, отамизнинг дўсти Анвар Пошо чет элдан моддий-молиявий ёрдам келмаслигини англаганидан кейин, Шермуҳаммадбекка Афғонистонга бориб, ўша ерда вақтинча қўним топиб, янги куч йиғишни тавсия қилади. У “сен ҳам, қолаверса, мен ҳам ҳозирча маълум сабабларга кўра қизилларга қақшатқич қаршилик кўрсатишга ожизмиз, бизга хориждан ёрдам келмаяпти… ўз аскарларимиз билан Афғонистонга ўтишга мажбурмиз”, дейди. Бу гапни Анвар Пошо ўлимидан олдин Шермуҳаммадбекка ўзаро суҳбат давомида айтган экан. Қарангки, Анвар Пошонинг ўлимидан сўнг, ҳақиқатан ҳам Шермуҳаммадбек 300 отлиқ аскари билан Кобулга ўтиб, Афғонистон ва бошқа хорижий давлат вакиллари билан янги куч тўплаш мақсадида учрашувлар ўтказади…

Шермуҳаммадбекнинг севимли ёри Солияхон тўғрисида

Адана (Туркия), 1969 йил. Шермуҳаммадбекнинг туркистонлик қуролдош дўстлари. Ўртада унинг дўсти Ҳолмуҳаммадхон Асомитдин Хўжа ўғли.

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек 1916 йилда Музаффарбек мингбошининг Солияхон исмли қизига уйланади, аммо уруш ва Ватан озодлиги йўлида олиб борган курашлари оқибатида оиласига кам эътибор берганлар, ҳатто биринчи фарзандлари туғилганида ҳам қўрбоши бўлганликлари сабабли уйларига ҳам келиб кета олмаганлар. Уруш дастидан ўз қизини кўра олмай, Афғонистонга кетишга мажбур бўлганлар…

Саодатхон Бек хотираларидан:

Афғонистонда бирга яшаганимизда отамиз бизга биринчи аёллари Солия опа тўғрисида гапириб берардилар. Билишимча, Солия опа Ватанда кўз очиб кўрган хотинлари бўлган экан. Уни кўп орзу қилардилар, отамиз уларни жуда севардилар. Афғонистонда яшаганларида икки марта одам ёллаб, Ватанга Солия опа ва қизларини олиб келиш учун жўнатган эканлар. Лекин юборган одамлари бу масалани уддасидан чиқа олмай қайтиб келишган. Кейинчалик билсам, отамизнинг биринчи хотини ва қизини болшавойлар қамаб қўйишган экан… Турмадаги қийинчиликларга чидамай, улар икки марта турмадан қочишган экан, аммо учинчи бор қамалганда уларни темир қафаснинг ичига тиқишибди. Бир неча йил турмада ўтириб, барча азоб-уқубатларни ва турма қийинчиликларини бошидан ўтказиб, охири Солия опа ўша ерда бандаликни бажо келтирибдилар…

Афғонистондан борганлар у турмага кира олишмаган, Аммо турмахона рўйхатида Солия опанинг борлигини кўришган, холос. Кейинчалик кўрган ва эшитганларини ҳаммасини отамизга гапириб беришди. Отамиз жуда изтиробга ботиб, ич-ичларидан эзилдилар. Уларнинг гапларига қараганда, биринчи аёллари жуда қадрдон одам бўлган, отамизнинг анчагина ишларини қилган эканлар, улар бир-бирларини жуда қадрлашар экан…Уруш пайтида уйга келиб, сал дам олганларида, эркаклар кийимини кийиб, отга миниб, уй атрофини муҳофаза қиларди, дея қадрдон хотинлари тўғрисида гапириб берардилар. Болшавойларнинг Солия опани турмада ушлаб туришдан кўзланган мақсади, нима бўлиб бўлса ҳам, Шермуҳаммадбекка тузоқ қўйиб, уни ушлаш эди, лекин минг афсус, бир бегуноҳ одамнинг ҳаёти хазон бўлди… Отамиз кўп йил бу нарсага кўника олмадилар, Солия опани ўлимига сабабчи бўлганини, уларни қутқариб ололмаганликларини ўйлаб, изтироб чекдилар. Солия опа ўз умрини Шермуҳаммадбекка бағишлаб, ўлимдан қўрқмай унга тик боққан аёл экан…

Яна бир воқеа эсимга тушди, вақти-вақти билан отам мени ўзларининг катта опалари Савринисога ўхшатибми, билмадим, “Савринисо, кел бу ерда бирпас ўтиргин, мен сенга бир нарсаларни гапириб бераман”, деб ўша Солияхон опа тўғрисида юрагидаги гапларни гапириб берардилар. Мен бир томондан улар орасидаги соф муҳаббатга ҳавасим келса, иккинчи томондан бироз рашк ҳам қилардим. Кейин мен ёшлик қилиб, бор гапни онамга гапирганимда улар мени уришиб қўярдилар…” Мени рашким келмаса, нимага сен рашк қиласан, қўйсанг-чи”, деб тасалли берардилар…

Шермуҳаммадбекнинг рафиқаси Зулфинисо тўғрисида

Саодатхон Бек хотираларидан:

Адана (Туркия), 1956 йил. Шермуҳаммадбекнинг дўстлари, Туркистонликларнинг Аданадаги жамияти фаоллари.

Марғилонда Миркомилбой исмли бир бой яшаб ўтган. Менинг онам у кишининг жиянлари бўлади. Қатағон йиллари бошланганида у киши менинг бувимларга бу ерда туриш жуда хавфли бўлиб қолди, бу ердан чиқиб кетганларинг тузукроқ бўлади, деб маслаҳат берибдилар. Онамнинг биринчи эри Ватанда ўлган экан. Бувим тезда уй-жойни ҳам сотиб ўтирмай бор нарсаларини йиғиштириб, Маккаю Мадинага борамиз, деб отланишибди. Шу йўл билан Афғонистонга келиб қолишибди. Кобулда бувим қаттиқ касал бўлиб қолади, Шермуҳаммадбек отамиз бундан хабар топгандан сўнг, улар учун ажратилган ҳовлига олиб келиб қарайдилар. Бувимиз икки ҳафтадан сўнг вафот этадилар, ватандошлар онамга ёрдам бериб, оғир пайтда қўллаб-қувватлашади. 5-6 ой ўтгач, онам Маккага бормоқчилигини айтади, бу ерда ўтириб нима қилишларини ҳам билмайдилар. Ўшанда отамизнинг ҳовлисидаги хотин-халажлар аёл боши билан Маккага бориш осон эмаслигини тушунтирадилар.

Онамиз, жуда келишган ва чиройли аёл бўлганлар. Гаплари маъноли, ширинсўз эдилар. Ҳовлидаги кўпчилик отамизга сўққабош бўлиб юрмасдан, шу аёлга уйланишни тавсия қиладилар. Шундан сўнг, отамиз бироз ўйланиб, толе экан, онамизга уйланадилар ва етим қолган икки ўғилга ота бўладилар. Онамнинг икки ўғли бор эди, биринчиси 12 ёшда бўлса, икинчиси 9 ёшда бўлган экан. Икки ўғил отамнинг қўлларида катта бўлишади. Отам ҳаётларининг охиригача онамга ғоятда ҳурмат-эътибор, меҳр билан қарадилар. Худди шундай икки етим болага ҳар доим оталарча ғамхўрлик қилдилар. Катта акамнинг исмлари Юнусқори эди.

Шермуҳамадбек лашкарбоши. Кобул (Афғонистон), 1950 йил.

У киши Маккага боради, қайтгандан сўнг ақлини йўқотиб қўяди, нима бўлганини ҳеч ким билмайди, бунинг сабаби фақат Оллоҳга аён. Кичик ўгай акамни исми Ғуломҳайдар ҳожи. Бу акамлар жуда вафодор ўғлон бўлдилар, отам улардан жуда рози бўлиб кетдилар. Афғонистонда отамиз туҳмат билан қамалганларида оиламизга яқиндан кўмак берган киши – шу акам бўлди. Ҳукумат томонидан бериладиган ойлик кесилган эди, бошимизга тушган қийинчиликларни биз билан баҳам кўриб, доимо биздан хабар  олиб, кўп ёрдам бердилар. Ўша пайтлар мен, Даврон Бек,  акамлар ҳали ёш эдик.

Шермуҳаммадбек отамиз Ғуломҳайдар ҳожини ҳар доим дуо қилиб, у кишининг яхши ибратли амалларини биз ва бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатардилар. Афсус, у киши отамдан сал олдинроқ хасталик туфайли Аданада вафот этганлар. Улардан фарзандлари қолган эди. Отам яшаб турган уйларини раҳматлик акамнинг катта ўғлига васият қилганлар. Менга ҳам тайинлаб, агар бандаликни бажо келтирсам, шу уйни неварамга беринглар, деб тайинлаганлар. Чунки отам ҳам ўгай акамнинг яшиликларини доимо юракларида сақлаб келганлар. Отамни васиятини бажариш мен учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлди ва уни уддасидан чиқдим, Оллоҳга шукр. Онам ўлганига ҳам мана 35 йил бўлибди…Онамни отамнинг ёнларига қўйганмиз.

Даврон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбек отамиз онамизга нисбатан жуда ғамхўр бўлганлар, уларни ҳар доим сизлаб, “Ҳожи” деб чақирардилар. Уйимизда бирон марта тўполон ёки жанжал бўлган эмас. Укалари Нурмуҳаммадбек амакимиз ҳам аёлларини бениҳоя ҳурмат қилардилар. Отамиз бизга ҳам доимо аёлларга эътиборли бўлишимизни айтардилар, “улар ожиза, уларнинг ҳуқуқи баланд бўлади, уларга бақирилмайди, унутмангиз, онангиз ҳам аёл, шунинг учун ҳам жаннат уларнинг оёғи остида”, деб айтардилар.

Шермуҳаммадбекнинг тўнғич набираси Мадаминбек тўғрисида

Саодатхон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбекнинг невараси, Саодатхон Бекнинг ўғли Мадаминбек рафиқаси билан. Туркия, Истанбул,1980 йил

Афғонистонда Мадаминбек ўғлим туғилганида Шермуҳаммадбек турмада эдилар. Хушхабар етиб борганида, отамиз ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетган эканлар. Илгарилари ҳам “агар Оллоҳ менга ўғил невара инъом қилса, унинг исмини, албатта, Мадаминбек деб қўяман”, деб орзу-ҳавас қилган эдилар. Бу хушхабарни биринчи бўлиб отамга етказган умр йўлдошимга шу исмни қўйишни тайинлабдилар. Бу отамнинг Мадаминбек дўстига бўлган чуқур ҳурматини англатади. Биз ҳам бундан хурсанд бўлдик. Оллоҳга шукрлар бўлсин, ўғлим ҳозир 65 ёшга тўлди, оиласи билан Истанбулда яшайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, ўғлим Мадаминбек ўзининг катта ўғлига Тошкентдан келин олиб берди, улар оз бўлса-да, жуда бахтли ҳаёт кечирдилар. Аммо бу бахтли дамлар кўпга чўзилмади, неварагинамни Тошкентда тўсатдан автомобил уриб юборади ва сал ўтмай, касалхонада 30 ёшга тўлмай оламдан кўз юмди. Уни Тошкентда кўмишди. Келинимиз анча ёш қолиб кетди, бугунги кунда докторлик қилади, икки ўғилни амаллаб катта қиляпти. Ўтган йили иккала ўғли билан Истанбулга келиб кетди. Ўғилларининг бири 15, иккинчиси 12ёшга тўлиб, катта йигит бўлиб қолишибди. Бориб, уларни кўриб, дуо қилиб қайтдим. Келинимизнинг ота-онасининг кўзи ожиз бўлиб, уларга келинимизни ўзи қарар экан. Бу ерга яшашга чақирдик, лекин уйдаги аҳвол туфайли келинимиз келолмаяпти, ўғлим Мадаминбек қўлидан келганича моддий ёрдам бериб турибди. Бошимизда ҳали бундай синовлар бўлишини асло кутмаган эдик…Ҳар кимга Оллоҳнинг ўзи ёрдамчи бўлсин…

Шермуҳаммадбек тўғрисида советларнинг ташвиқоти

Саодатхон Бек хотираларидан:

Шермуҳаммадбекнинг Туркиядаги туркистонлик қуролдош дўстлари. Адана, 1975 йил.

Мен бу гапларни Жўрабой қори Бўтакўз ва уларнинг қизларидан эшитганман. Аслида Жўрабой қори Бўтакўз менинг қайнoғам бўладилар. У кишининг катта қизлари Ўзбекистонда таълим олади. Улар бир йили Аданага келишди, бизникида ҳам меҳмон бўлишди. Жўрақорининг қизи ўқиб юрган кезларида Москов телевидениеси орқали кам деганда ҳафтасига бир марта босмачилар тўғрисида, Шермуҳаммадбек ва бошқа қўрбоши-босмачилар тўғрисида кино кўрсатишар экан… Шунда у жиянимиз менга қараб: ”Аммажон, сизнинг отангиз ёмон одам бўлганмиди? Нимага у киши тўғрисида ёмон гаплар ва фикрлар билдирилган?”, деб сўраб қолди. Мен унга нима учун бу ҳақда ўз отангдан сўрамайсан, деб савол бердим. Чунки Жўрақори Бўтакўз Кобулда кўп йиллар яшаган, Шермуҳаммадбек билан анча мулоқотда бўлган одам. Шунда у қизимиз: “тўғрисини айтсам, мен ва менга ўхшаган бошқа кўп ёшлар бунга асло ишонмасдик. Лекин телевидение, газета-журналларда ва тарих китобларида доимий равишда босмачилик ҳаракати салбий ҳаракат, деб гапирилади, афсуски, советлар ташвиқотига лаққа тушиб қолган ватандошларимиз ҳам йўқ эмас экан”, деган эди.

Шермуҳаммадбекнинг қизи Саодатхон Бек фарзандлари билан.

Шунда гапимизга Жўрабой қори ҳам қўшилиб, бундай гапларга умуман ишонмаслик кераклигини айтиб, ҳали бир замон келиб, мана шу ёлғон гапларнинг барчаси чиппакка чиқишини ва мамлакат озодлиги учун куршганлар тўғрисида ҳаққоний китоб ва мақолалар чиқажагини айтиб, гапимизни давом эттирган эдилар. Ўқишлар битгандан сўнг, улар оиласи билан Туркияда тўрт йилча туришди, кейин Америкага кўчиб кетишди. У қизимиз у ерда ўқишларни битириб, турмушга чиқиб, ўша ерда яшашяпти.

Улар фақат “Ўзбегим”ни ёқтиришарди

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Гап шундаки, отам ҳам, амаким ҳам енгил-елпи қўшиқларни хуш кўрмасдилар, олиб борган айрим қўшиқларимни эшитгиси ҳам келмасди. Бир кун мен ҳурматли адибимиз Эркин Воҳидов шеъри билан ҳофиз Шерали Жўраев ижро этган “Ўзбегим” ашуласини уларга қўйиб бердим… Ўшанда уларнинг термулиб, бир-бирларига қарашларини бир кўрсангиз эди. Улар ўзларини гўё ўз она юртларига қайтгандек ҳис этишарди. Отам ва амакимлар мендан, шу қўшиқни қайта-қайта қўйишимни сўрашди, санаб кўрсам, шу қўшиқни қаторасига етти марта қўйибман.

Ҳурматли ҳофиз Шерали Жўраев Шермуҳаммадбекнинг қабрини зиёрат қилмоқда. Адана, 2009 йил, 10 март.

 

Кейин бошимни аста кўтариб, улар томон боқсам, ака-укаларнинг кўзлари жиққа ёш…улар нималарнидир ўйлаб, узоқ хаёл сурардилар. Бироз вақт ўтганидан сўнг, отам: “Офарин, буюк Туркистоннинг бой тарихи бир-икки шеърий мисралардаёқ жуда моҳирлик билан тўлиқ ёритилибди”, деб шоирни қайта-қайта мақтаб, дуо қилганлар. Отам билан амаким вақти келганда шу шеърни ёзган ва бу гўзал қўшиқни ижро этган одамларнинг қўлларини кўзга суртиб, уларнинг дуосини етказишимни илтимос қилганлар. Бувоқеани, отам билан амакимнинг миннатдорчилигини Эркин Воҳидов ва Шерали Жўраевга биринчи учрашувимиздаёқ гапириб бериб, уларнинг илтимосларини бажардим.

Бизнинг каъбамиз–Ватан!

Муҳамад Анварбек хотираларидан:

Шермуҳаммадбекнинг жияни Муҳаммад Анвар Бек рафиқаси ва невараси билан. Нью-Йорк, 2010 йил.

Биз Америкага келганимиздан сўнг, ишимиз анча юришиб кетди, умуман бу ерда сал ҳаракат қилсангиз ҳаётингизни яхшилаш учун ҳамма нарсага эришасиз. Озроқ пул тўплаганимдан сўнг отам ва амакимни Америкага таклиф қилдим, шунда Нурмуҳаммад отам икки марта бу ерга келиб, Американи кўриб, томоша қилиб қайтдилар, Аммо Шермуҳаммадбек амаким нимагадир бу ерга келишга розилик бермадилар. Яна бир нарса ёдимга тушди, шуниям гапириб берай. Молиявий масалаларни озроқ яхшилаганимда, амаким ва отамни Хажга юборай деб, улар билан маслаҳат қилдим, улар бир-бирларига қараб, “бу нималар деяпти ўзи?”, деган маънода менга қараб, “бизнинг каъбамиз –Ватан, биз биринчи навбатда Ватанимизга боришимиз керак” деб, таклифимни қабул этишмади.

Аданадаги туркистонликлар жамиятининг биноси. Ҳофиз Шерали Жўраев, Шермуҳаммадбекнинг невараси Усмон Бек ва туркистонликлар жамиятининг собиқ раиси Хусайин Бердалиқ.

Мен Ўзбекистонга биринчи бор 1997 йилда бордим. Самолётимиз аэропортга яқинлашган сари биз жуда ҳаяжонлана бошладик, амаким ва отам ҳар он ёдга олиб эслаган Ватанимиз қандай экан, деган саволлар бизни жуда қизиқтирар эди. Самолёт трапи ёнида қариндошларимиз бизни хурсандчилик билан кутиб олдилар. Ҳаммамизнинг кўзимизда ёш, бир зумда Ватан доғида вафот этган оталаримизни эслаб, йиғладик. Шу туйғуларни ҳозир сўз билан ифода этишга ожизлик қиламан. Фарғонага бориб, Шермуҳаммадбек амаким ва отам юрган йўлларидан юрганимда кўз олдимдан уларнинг сиймоси кетмади, мен уларнинг нима учун “Ватаним, Ватаним” деб доимо куюниб йиғлаганларини бу ерга келиб англадим, дарқақиқат, бизнинг ота юртимиз ниҳоятда гўзал ва жаннатмонанд экан. Шермуҳаммадбек амаким ўшанда “бизнинг каъбамиз–Ватан!” деб бекорга гапирмаган эканлар…

Шермуҳаммадбекнинг васиятлари

Даврон Бек хотираларидан:

Даврон Бек Шермуҳаммадбек ўғли, Америкадаги туркистонликлар жамиятининг фаол аъзоларидан бири. Нью-Йорк, 2000 йил.

Отамнинг фикру-зикри Ватан дарди эди, нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонни мустақил ва озод бўлишини орзу қилганлар. Отам Шермуҳаммадбек бир куни мени олдиларига чақириб, шундай дедилар: “Ўғлим, ўлим ҳақ, бир вақтлар келиб, мен ҳам бу дунёни тарк этаман, лекин Ватанимни озод ва мустақил кунини кўриш менга насиб этмаса керак… Менинг ёшлигим урушга тўғри келиб қолганлиги сабабли ўқий олмадим, олим ёки бирор донишманд одам бўла олмадим. Лекин қўлимга қурол олиб, ҳеч нарсадан қўрқмай жанг қилдим, кези келганда битта-яримта ўқ менга тегиб ўлдиришидан ҳам қўрқмаганман, бу тўғрида ҳеч вақт ўйламадим ҳам. Мен фақат юртим ва юртдошларимни озодлигини ўйладим ва курашиб жанг қилдим. Мен бутун борлиғимни шунга бағишладим, сени ҳам худди шундай иш тутишликка васият қиламан, менинг сенга васиятим фақат шу бўлади…”, деб айтган эдилар. Отам менга бошқа васият қилган эмаслар.

Саодатхон Бек хотираларидан: 

Отамнинг менга икки васиятли илтимослари бор эди, “Саодатхон, агар мен ўлсам, менга ҳеч қандай ҳайкал-тош ўрнатманглар, тупроққа қўйинглар, атрофимни тузатманглар, мозорим шу тупроқ билан бир бўлиб кетсин”, деб айтган эдилар. “Иккинчиси, агар менинг тупроғимни бошқа бир ерга олиб кетмокчи бўлсалар, рухсат этмагин, мен шу ислом давлати ерида қолай”, деб тайинлаганлар.

Отамнинг қуйидаги гаплари доимо юрагимда: “Мен ўз Ватаним учун қон тўкдим, жанг қилдим, юртим озодлиги учун жонимни ҳам аямай хизмат қилдим. Сўнгра юрт кездим, мусофирлик чекдим, айрилиқ чекдим, ҳамма жафолар, Ватан ишқи ичимда қолди, ғариблик бошимда бор экан, начора, мени шу ерда кўминглар”, деб васият қилганлар. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг,  дадамнинг тупроғини Ватанга олиб бориш тўғрисида гап юритилганда мен отамнинг васиятларини яна бир бор ҳаммага эслатдим ва бунга қарши эканлигимни билдирдим, бу масала бошқа муҳокама қилинмади. Мен бошқаларнинг гапини қайта гапириб, ўзиники қилиб кўрсатишни хушламайман, отам, онам ва Нурмуҳаммад амаким нималарни бизга гапирган бўлса, шуларни гапирдим, холос…

Шермуҳаммадбекнинг сўнгги қувончлари…

Сурмахонбек Бек хотираларидан: 

Шермуҳаммадбекнинг жанозаси. Адана, 1970 йил, 10 март.

1965 йилда биз Даврон Бек, акамлар билан Америкага кўчиб келган эдик. Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекнинг ҳар қайсисида бир ўғил ва бир қиз фарзандлари бор эди. 1970 йилда биз икки ака-уканинг 4 неварасига суннат тўйи қилишни мўлжаллаб, Туркияга келдик. Ҳам амаким, ҳам қайнотам бўлмиш Шермуҳаммадбекни беш

йил кўрмаганимиз учун жуда соғингандик ва улар билан дийдор кўришганимизга жуда хурсанд бўлдик. Улар ҳам бизни кўриб, хурсандлигидан кўзларига ёш келди, чунки бизни жуда соғинган эканлар. Отамизнинг дуосини олиб, суннат тўйини шу ерда, уларнинг бошчилигида қилмоқчи бўлганлигимизни эшитиб, бошлари осмонга етиб, ҳаммамизни дуо қилдилар.

Туркия ҳукуматининг қарорига биноан Шермуҳаммадбек лашкарбоши катта харбий саркарда сифатида дафн этилди.. Дафн маросими. Лашкрбошининг портрети ва миллий озодлик ҳаракaтининг байроғи.

Шермуҳаммадбек лашкарбошини сўнги манзилга кузатиш тадбири, Туркия қонунларига биноан, катта ҳурмат билан ҳарбий қўмондон сифатида ташкил этилди.

Аммо хурсандчилигимиз кўпга чўзилмади. Тўй

Шермуҳаммадбекнинг дафн маросимида 5000дан ортиқ киши қатнашди…

куни Шермуҳаммадбек бирдан ёмон бўлиб, бирпасда тилдан ҳам қолиб, аҳволлари оғирлаша бошлади. У киши 1970 йилнинг 10 мартида бу дунёни тарк этдилар. Отамиз Оллоҳдан илтижо қилиб, фарзандлари ва невараларини кўриш орзусида ётган эканлар… Биз ҳам улар билан кўришиш ниятида нимагадир Туркия томон

Шермуҳаммадбекнинг дафн маросимида.

тезроқ интилар эдик… Шермуҳаммадбек отамиз Туркиянинг Адана шаҳридаги ислом қабристонида дафн қилиндилар.

Саодатхон Бек хотираларидан:

1970 йилнинг баҳорида отамиз бандаликни бажо келтирдилар. Биз ўзимизнинг удумлар асосида кўмиш маросимига тайёргарлик қила бошладик. Сал вақт ўтиб, Туркия Ҳукумати номидан маҳаллий ҳокимият раҳбарлари келишиб, бизга биринчилар қаторида таъзия билдиришди, қўллаб-қувватлашди.

Шермуҳаммадбек буюк одам ва катта саркарда бўлганлиги, туркийларни бирлаштириш ва озод мамлакат тузиш, мамлакатни босқинчилардан халос қилиш учун олиб борган хизматлари учун у киши генерал сифатида катта ҳурмат ва эҳтиром ила дафн қилинишини бизга хабар қилдилар. Отамиз билан биз уйда видолашдик, эртаси куни, жуда кўп ҳарбийлар, аскарлар келишди, банду (ҳарбий мусиқа-оркестри) ҳам келтирилди ва дафн маросими Туркия ҳарбий низомлари асосида ўтказилди.

Шу куни Туркиянинг обрўли йирик газеталарда Шермуҳаммадбекка бағишлаб турли хил мақолалар чоп этилди. “Бу буюк саркарда, бизнинг мамлакатга келган азиз одам, ҳурмати Отатуркдай бўлган зот”,–деб ардоқлаб, кўп турк биродарлар, мужоҳидлар ва туркистонликлар иштирок этишди. Отамизнинг дафн маросимида беш мингдан ортиқ одам қатнашибди. Кейинчалик онам ва Нурмуҳаммадбек амакимни ҳам отамиз ёнига қўйдик…

Даврон Бек ва Муҳаммад Анвар Бек Шермуҳаммадбекнинг қабри ёнида. Адана, 1970 йилнинг 10 марти. Мавлон Шукурзода Шермуҳаммадбекнинг қабрини зиёрат қилмоқда. Адана, 2009 йилнинг 13-марти. Шермуҳаммадбек лашкарбошининг ҳотира тадбири. Адана, 2010 йилнинг 10- марти.

                                                                              Мавлон ШУКУРЗОДА.

Нью-Йорк-Адана-Тошкент

Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

SHARE