Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Шермуҳаммадбек лашкарбоши мухожир туркистонликлар анжуманида. Адана (Туркия), 1965 йил.

Ўзбекистонга илк ташриф

Муҳамад Анварбек хотираларидан:

1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг, мен “Америка овози” радиостанциясига бориб интервью берганман. Шу куни мен кўзимга ёш олиб, амаким Шермуҳаммадбек, отам Нурмуҳаммадбек ва бошқа барча ватандошларимиз бир умр орзу қилиб келган дақиқаларга етиб келганимизга шукрлар айтиб, бу мустақиллик абадий бўлишини тилаб, унга етишиш учун қанча юртдошларимиз қурбонлар бўлгани, қанчадан-қанча бегуноҳлар қатағон йилларида шаҳид кетганликларини унутмаслигимиз кераклигини айтдим. Мен барча ватандошларимизни бу қутлуғ кун билан табриклаб, эндиликда озодлигимиз ва эркимизни ҳеч кимга бермаслик учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишимиз кераклиги тўғрисида гапирдим.

Америкада Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган катта тадбир. Муҳаммад Анварбек (ўнгда) ватандошлари билан. Нью-Йорк, 2010 йил.

1997 йилда биз ўтирган самолёт Тошкент сари яқинлашиб келарди. Нимагадир безовта бўлиб, юракларимиз тез-тез урарди, ҳаяжонимиз ошаверарди. Шунда стюардесса, “яна 30 минутдан сўнг самолётимиз Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрига қўнади” деб, эълон қилганида шунчалик ҳаяжонландимки, қулоғим гаранг бўлиб қолди… Тошкентга самолёт қўнганидан сўнг югуриб, бақирганимча ерни қучоқлаб ўпдим, қариндошларимиз билан йиғлаб кўришдик ва бирма-бир ҳаммаси билан яқиндан таниша бошладик. Бундай ҳаяжонли дақиқаларда одам ўзини йўқотиб қўяркан.

Бир вақт қарасам, Даврон Бек акам кўринмаяпти, қидиришга тушдим, синглимдан сўрасам улар ҳам ҳайрон… Шунда атрофга диққат билан назар солиб қарасам, самолёт трапининг бир четига суяниб турган Даврон акамни кўрдим. Уларнинг рангида ранг йўқ, кўзлари жиққа ёш, жуда ҳаяжонли ҳолатда эди. Очиғи, уларни кўриб, қўрқиб кетдим… Даврон Бек акам жуда қаттиқ ҳаяжонланиб, “Ватан меҳри, жонажон ота юрт қадри мусофирчиликда юрагингни еб адо қиларкан”, дедилар.

Даврон Бек хотираларидан:

Даврон Бек Шермуҳаммадбек ўғли оиласи билан. Парсиппани шаҳри (АҚШ, Нью-Жерси штати) 2011 йил.

Ватанга биринчи марта борганимизда биз барча қариндошларимиз билан учрашдик, Шермуҳаммадбек отамдан қолган қизларининг фарзандлари билан ҳам кўришдик, уларнинг ҳам ёшлари биз қатори экан. Йиғлашиб, ўша замоннинг алғов-далғов кунлари сабабли ҳамманинг бошига тушган оғир кунларни эсга олдик. Биз кўпчилик тарихшунос, адабиётшунос ва бошқа олимлар билан ҳам учрашиб, маълум сабаблар билан хорижга кетишга мажбур бўлган ватандошларимиз тарихидан гапириб бердик, отам Шермуҳаммадбек, амаким Нурмуҳаммадбекнинг васиятларини бажариш мақсадида Темур бобомизнинг қабрига бориб, Қуръон тиловат қилдик. Шунда кўзимга ўз-ўзидан ёш келиб, шундай буюк одам Амир Темурнинг авлоди эканимдан жуда фахрланиб, ифтихор билан улардан маънавий мадад олиб, куч-қувватга тўлиб қайтдим.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Самарқандда мусулмон илмининг энг ёрқин юлдузлари бўлмиш Имом ал-Бухорий, ҳазрат Мотуридий ва бошқа ислом дини пешволарининг қабрларини зиёрат қилганимизда нақадар буюк аждодларимизнинг вориси эканлигимиздан беҳад севиндик. Шундан сўнг биз Бухорои шарифга боришга жазм қилдик. У ерда ҳазрат Нақшбанд, Ғиждувоний ва бошқа шайху уламоларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганимиздан бошимиз осмонга етди. Тошкент кўчаларини кезганимизда, унинг Шарқ гавҳари эканлигига амин бўлдик, ёши 2000 йилдан ошган бу навқирон, замонавий шаҳарни кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Лекин мен буларнинг ҳаммасини кўриб, бир нарсага тушунмай қолдим ва ўзимга-ўзим савол бердим: шунча маънавий, маданий ва табиий бойликка эга мамлакат, дунёга машҳур олим ва буюк ўғлонларни етиштириб чиқарган замин нима сабабдан юз эллик йилга яқин аросатда қолиб, советлар зулмидан жабр кўрди экан? Бу офат бизнинг бошимизга қаердан келди экан? –деган савол мени жуда қийнади. Кўпчилик одамлар билан суҳбатда бўлиб, бу саволга жавоб топгандай бўлдим.

Шермуҳаммадбекнинг жияни Муҳаммад Анвар Бек  кенжа ўғли Шерматбекнинг никоҳ тўйида. Довер (АҚШ, Нью-Жерси штати), 2011 йил.

Асосий сабаб ўзимизда экан. Шундай даврлар келдики, тахт талашиб, ўғил отасини ўлдирди, мамлакатда зулм ва зулмат авжига чиқди, бебаҳо кутубхоналар ёқиб юборилди, бойлар фақирларга зулм қилдилар, ҳақсизлик кўпайди, фитналар авж олди, диний уламолардан иймон кўтарилди ва ҳоказолар…  Шунинг учун Оллоҳ бизнинг юртимизга бундай балони юбориб, синовдан ўтказган экан. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, 1991 йилда юртимиз юз йиллаб кутган орзусига эришиб, озодликка чиқди. Эндиликда тарихимизни, ота-боболаримиз, аждодларимизнинг бой меросларини ўрганиб, ўтмишда йўл қўйилган хатоликларни яна қайтармасдан, тўғрилик билан янги ҳаёт қурмоғимиз керак, деб ўйлайман. Бу ёғи энди бизнинг ўзимизга боғлиқ.

Сурмахонбек Бек хотираларидан:

Мен Ватанга борганимда ҳамма қариндошларимизни қидириб топишга ҳаракат қилдим. Биринчи навбатда онам туғилиб ўсган кўчалардан юрдим. Онам орзу қилган кунларга етиб келганимдан ичимда йўқ хурсанд бўлдим. Қариндошларбилан дийдор кўришишга не етсин… Кейин аммамизнинг фарзандлари ва невараларини қидириб топдик. Улар билан ҳам кўп суҳбатлар қурдик. Ҳаммалариилмли, ўқимишли бўлиб кетибдилар. Шунча йилдан кейин кўришганимиздан барчамиз хурсанд бўлдик.

Ҳаммаси яхши-ю,аммо акам гапирганларидек, советлар мафкураси туфайли бўлса керак, дин масаласида озроқ орқада эканлар, энди 70-80 йил асоратда яшагандан кейин шундай бўлиши табиий ҳол. Лекин мамлакатда қисқа пайт давомида рўй берган анча ўзгаришлар, қадриятларни, миллий ва маданий меросларимизнинг тикланиши, минглаб масжидларнинг очилиши, ўйлайманки, олдин йўл қўйилган барча камчиликларни бартараф этади…

Шермуҳаммадбекнинг битмай қолган ҳайкали

Шермуҳаммадбек лашкарбоши ҳайкалининг макети. Тошкент шаҳри, 1993 йил.

Даврон Бек хотираларидан:

Ўзбекистонга борганимизда Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекларнинг исмлари халқ орасида ҳурмат билан тилга олинишини кўриб, жуда севиндик. Ҳатто Тошкентда бир бағри кенг, саховатпеша, ўз миллати қадриятларини жуда эъзозлайдиган Абдумалик Убайдуллаев деган бир фидойи одам ташаббуси билан Шермуҳаммадбекнинг бўйи баробар ҳайкали макети ишлаб чиқилган экан.  Тошкентга борганимизда биз у киши билан яқиндан танишиб, тарбия берган ота-оналари ҳаққига дуолар қилдик. Абдумалик аслида ўзи ҳайкалтарош эмас, оддий бир тижоратчи, гаплари маъноли, кенг мулоҳазали, меҳмондўст, ширинсухан одам экан. У Шермуҳаммадбек тўғрисида отаси ва буваларидан жуда кўп эшитган экан.

Шермуҳаммадбекнинг номи мазкурхонадонда жуда табаррук саналиб келар экан. Бувалари илгари замонда жуда катта савдогар-тижоратчи бўлган эканлар. Отасининг гапларига қараганда, Абдумаликнинг бувалари миллий истиқлол курашчиларига руҳан яқин турган, уларни қўлидан келганича қўллаб-қувватлаган эканлар ва шу сабабли Шермуҳаммадбекнинг халқ озодлиги учун олиб борган курашлари ва унинг асосий мақсадидан хабардор бўлган. Оила даврасидаги суҳбат чоғида Шермуҳаммадбек номи, халқ истиқлоли курашчиси сифатида улуғланиб сўзланган ва катта ҳурмат билан тилга олинган. Бувасининг васиятларини бажариш мақсадида Абдумалик Шермуҳаммадбек ҳайкалини яратиш орзусини рўёбга чиқаришга киришади.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

Абдумалик укамиз Шермуҳаммадбекнинг ҳайкали устида иш бошлаганида, ҳали миллий истиқлол курашчилари тақдири хусусида биров ботиниб гапира олмасди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, сал вақт ўтиб Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов босмачилик деб номланган миллий озодлик ҳаракатини ҳаққоний ёритиш хусусида гап очганларида Абдумалик каби ватанпарвар одамларнинг қувончи чексиз бўлган экан. У аслида тарихчи бўлмаса ҳам, Фарғонага бориб, Шермуҳаммадбекни кўрган ёки билган бир неча қариялар, ўлкашунос, тарихшунослар ва қариндошларимиз билан кўп марта учрашади.

Чунки совет давридаги ташвиқот машинаси Шермуҳаммадбек билан боғлиқ барча ҳужжатларни, архив материалларини, фотосуратларни йўқ қилиб юборганди. У киши тўғрисида ўша пайт умуман бирор нарса топиш қийин бўлган. Лекин шунга қарамай, Абдумалик эринмай изланиш олиб боради ва мана-ман деган тарихчилар орзу қиладиган бой тарихий материал тўплашга эришади. Абдумалик укамиз, ҳайкалтарош бўлмаса ҳам, Шермуҳаммадбекнинг асл сиймосини яратиш борасида жуда кўп бош қотириб, бунинг учун Тошкентнинг энг кўзга кўринган ҳайкалтарошлари, олимлар, тарихчилар ва адабиётшунослари билан бамаслаҳат иш тутиб, унинг ҳақиқий сиймосини, халқ озодлиги курашига отланган, бошқаларни ҳам ўз сафига чорлаётган, мағрур, енгилмас, мард одам қиёфасини яратади.

Академик Эркин Юсупов, ҳужжатли фильм яратувчиси режиссёр Малик Қаюмов ва бошқалар укамизга маънавий мадад бериб туришган экан. Бўйи 8 метр келадиган ҳайкалнинг макети жуда чиройли чиққан, бир қарашда одамни ўзига ром қилади. Шукрлар бўлсинким, бугунги кунда Ватанимиз Ўзбекистон, мана 18 йилдирки, мустақил ва озод ҳаёт кечиряпти. Тарихимиз, миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз секин-аста тикланяпти. Биз бундан беҳад хурсандмиз. Бундан ташқари, яқин замонларда мамлакатимиз озодлиги учун курашган Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Кичик Эргаш, Катта Эргаш каби Туркистоннинг мард ўғлонларига катта-катта ҳайкаллар бунёд этилишига ишонамиз. 2008 йили азим Тошкентга келганимда, Мустақиллик майдонига бордим. Майдон ҳақиқий тарихий зиёратгоҳ, файзли ва жуда гўзал жойга айланибди. У ерда Иккинчи Жаҳон уруши йиларида ҳалок бўлган 450минг нафар ватандошимизнинг исми шарифи ёзиб қўйилган жой диққатимни ўзига тортди. Шу жойни танлаб, ўтганларни эслаб, хотира майдонига айлантирганнинг отасига раҳмат!

Шермуҳаммадбекнинг қизи Саодатхон Бекнинг ўғли Усмон Бекнинг оиласи (Адана, Туркия, 2010 йил.). Усмон Бек бобоси Шермуҳаммадбекнинг тарихига катта қизиқиш ўйғотиб доимо турли тадбирлар ташкил қилмоқда.

Шунда менда бир фикр пайдо бўлди, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Туркистон замини ва халқимиз миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари ва шаҳид кетган истиқлолчиларнинг номларини ҳам бирор мармар тошга ёзиб қўйсалар, нур устига нур бўлар эди. Майли, вақти келиб, бу ишлар ҳам амалга ошар… Юртимизда Абдумалик Убайдуллаев сингари одамлар кўплигини кўриб ишондим, бири китоб чиқаряпти, бири мақола ёзяпти, бири ҳайкал билан овора… Ана шундай одамлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг беминнат, ибратли, фидойи ишларини кўриб, Америкадан ташриф буюрган барча қариндошларимнинг боши осмонга етди, кўзимизга ёш олиб, чин юракдан уларга миннатдорчилик билдирдик, Абдумалик ва у кабилар билан яқин қариндошдай бўлиб, ака-ука тутиндик…

Мавлон ШУКУРЗОДА,

Нью-Йорк-Истанбул-Тошкент

(Давоми бор)


Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

SHARE